Анқарадан муносабат: Ўзбекистон Марказий Осиё келажагини белгиловчи жараёнлар марказида
Октябрь 10, 2026. 14:30 • 3 дақ
• 84
АНҚАРА, 10 октябрь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Озарбайжондаги собиқ элчиси Хулуси Қилич “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 7–9 октябрь кунлари Туркманистонга амалий ташрифи хусусида фикр билдирди.
– Сўнгги йилларда Марказий Осиё кўз ўнгимизда тобора ўзгариб бораётгани ҳақида тез-тез ўйлаб қоламан. Яқингача икки томонлама алоқалардек кўринган муносабатлар бугун анча кенгроқ манзарани ҳосил қилмоқда. Минтақа етакчилари тез-тез учрашмоқда, кўпроқ мулоқот қилмоқда ва муштарак муаммоларини биргаликда ҳал этмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифини алоҳида эътибор билан кузатдим. Ташриф дастуридан Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчилари учрашуви, икки томонлама музокаралар ҳамда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги иштирок ўрин олди. Дастурнинг бундай тиғиз ва сермазмунлиги Ўзбекистоннинг бугунги минтақавий дипломатиядаги нуфузли ўрнидан яққол далолат беради.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари нафақат президентлар даражасида, балки бизнес, транспорт, энергетика, маданият ва халқлараро алоқалар соҳасида ҳам ўзаро кўпроқ мулоқот қилиши керак, деган ғояни изчил илгари суриб келмоқда. Бугун бу ёндашув амалда ўзининг аниқ натижаларини бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Авазадаги учрашувда сўзлаган нутқида минтақавий ҳамкорликка оддий савдо доирасидан кенгроқ қараш ҳамда қўшма ишлаб чиқариш ва технологик занжирларни барпо этишга ўтишни таклиф қилди. “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи бу фикрни жуда аниқ ифодалайди. Шунингдек, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва инвестиция механизмларини мувофиқлаштириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Менимча, бугунги кунда халқларимизнинг яқинлиги ва қардошлиги ҳақида шунчаки гапиришнинг ўзи етарли эмас. Уларнинг чинакам қадр-қиммати янги йўллар, савдо алоқалари, инвестициялар, қўшма корхоналар ва одамлар учун янги имкониятлар пайдо бўлгандагина намоён бўлади.
Транспорт соҳаси муҳим аҳамиятга эга. Ўрта йўлакнинг қанчалик муҳимлиги Анқарадан ҳам яққол кўриниб турибди. Бу фақат Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маршрут бўлиб қолмай, балки савдо, ишлаб чиқариш, инвестициялар ҳамда Марказий Осиё билан алоқаларни кенгайтириш учун катта имкониятдир. Мазкур йўналиш қанчалик самарали ишласа, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия учун шунчалик кенг имкониятлар эшиги очилади.
Авазадаги учрашувнинг аҳамиятини фақат иқтисодиёт билан чеклаб бўлмайди. Марказий Осиё етакчилар ўртасидаги шахсий муносабатлар ва узлуксиз сиёсий мулоқот улкан аҳамиятга эга бўлган даврни бошдан кечирмоқда. Мамлакатлар манфаатлари ҳар доим ҳам тўлиқ мос келмаса-да, ўзаро тил топиша олиш ниҳоятда муҳимдир.
Ўзбекистон бугун Марказий Осиё келажагини белгилаб берувчи кўплаб жараёнлар марказида турибди. Унинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжон билан муносабатлари тобора чамбарчас боғланиб бормоқда.
Туркия учун бу каби ўзгаришлар катта қизиқиш уйғотади. Биз Марказий Осиё давлатлари ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаётгани ва ташқи ҳамкорлар билан шерикликни кенгайтираётганини диққат билан кузатмоқдамиз. Бу жараёнда Анқаранинг Тошкент ва минтақанинг бошқа давлатлари билан ҳамкорлиги жуда муҳим.
Бир пайтлар тўсиқ сифатида қаралган географик жойлашув бугунги кунда катта устунликлар бермоқда. Каспий, Кавказ ва Марказий Осиё инсонлар, товарлар, ғоялар ҳамда сармоялар ўзаро эркин ҳаракатланадиган маконга айланиши мумкин.
Шу сабабли Шавкат Мирзиёевнинг Авазага ташрифини кенг кўламли жараённинг салмоқли бўлаги сифатида баҳолайман. Марказий Осиё янада очиқ, ўзаро боғланган ва ўз манфаатлари ҳақида дадил сўз очмоқда.
Минтақавий ҳамкорлик учрашувлар ва имзоланган ҳужжатлар сони билан эмас, балки одамларнинг эркин мулоқот қилиши, бизнеснинг тўсиқсиз савдо юритиши, инвесторларнинг фаолият кўрсатиши ва давлатларнинг умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилиши қанчалик осонлашгани билан ўлчанади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Авазага амалга оширган ушбу ташрифининг бош моҳиятини ҳам айнан шунда кўраман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси