Душанбедан муносабат: Сеул саммити Марказий Осиё иқтисодиётини янада диверсификация қилишда муҳим аҳамиятга эга

Сентябрь 17, 2026. 15:00 • 3 дақ

126
Душанбедан муносабат: Сеул саммити Марказий Осиё иқтисодиётини янада диверсификация қилишда муҳим аҳамиятга эга

ДУШАНБЕ, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Россия–Тожикистон (Славян) университети профессори Раҳмон Ўлмасов “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 13–16 сентябрь кунлари Жанубий Кореяга амалга оширган давлат ташрифи ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– “Марказий Осиё - Корея Республикаси” давлат раҳбарлари даражасидаги биринчи саммит Жанубий Кореянинг минтақамиздаги бешта давлат билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Жанубий Корея стратегиясида алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик саноат, транспорт, рақамли технологиялар, ресурсларни қазиб олиш ва таълим йўналишларини қамраб олади. Саммит арафасида мамлакатлар 13 та ҳамкорлик ҳужжати, жумладан, сунъий интеллект, муҳим минераллар ва темир йўл транспорти соҳаларидаги келишувларни имзолади.

Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея билан биргаликда иқтисодий ва технологик алоқаларни янада кенгайтириш учун асос бўлиши мумкин бўлган “Янги ипак йўли”ни барпо этиш таклифини илгари сурди.

Замонавий корхоналарни ташкил этиш, хомашёни қайта ишлаш, энергетика, рақамлаштириш ва касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга Жанубий Корея сармояларини жалб этиш истиқболли муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон учун бу, асосан, хомашё экспорт қилишдан юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ўтиш вазифаси шароитида жуда долзарбдир.

Шунингдек ўқинг

Кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жанубий Корея билан таълим, касбий тайёргарлик ва академик алмашинув соҳасидаги ҳамкорлик иқтисодиётнинг замонавий тармоқларида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш имконини кенгайтиришга хизмат қилади.

Марказий Осиё мамлакатлари учун Жанубий Корея тажрибаси нафақат инвестициялар, балки технологияларни жорий этиш, саноатни ривожлантириш ва малакали иш ўринларини яратиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим. Шу билан бирга, Жанубий Кореяга меҳнат миграцияси маҳаллий бозор талаблари, жумладан, касбий тайёргарлик, тил билиш ва виза шартларига жавоб беришни талаб қилади.

Сеул саммити Марказий Осиё иқтисодиётини янада диверсификация қилиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Минтақа учун Жанубий Корея билан ҳамкорлик инвестициялар ва технологияларни жалб қилиш имкониятини яратади, Жанубий Корея томони эса ресурслар, энергетика ва янги бозорлардан манфаатдор.

Ўзбекистон учун ушбу ҳамкорликнинг амалий натижаси сунъий интеллект ва транспорт соҳасидаги қўшма лойиҳалардан тортиб, саноатни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва хомашёни қайта ишлашгача бўлган йўналишларда эришилган келишувларни рўёбга чиқаришдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш