Бокудан муносабат: Корея билан ҳамкорлик Ўзбекистон иқтисодиёти учун янги имкониятлар очади

Сентябрь 17, 2026. 08:10 • 2 дақ

225
Бокудан муносабат: Корея билан ҳамкорлик Ўзбекистон иқтисодиёти учун янги имкониятлар очади

БОКУ, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети доценти, иқтисодиёт фанлари номзоди Эмин Ғарибли “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 13–16 сентябрь кунлари Жанубий Кореяга амалга оширган давлат ташрифи ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий ҳамкорлик йўналиши ўзгарди: эътибор алоҳида савдо шартномаларидан узоқ муддатли инвестициялар, технологик ҳамкорлик, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва мамлакатни глобал занжирларга қўшишга қаратилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Корея Республикасига ташриф иқтисодиётни кенгайтиришда алоҳида роль ўйнайди. Ўзбекистон учун Жанубий Кореянинг инвестициялар, замонавий технологиялар, саноат компетенциялари, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги тажрибаси муҳимдир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Жанубий Корея капитали иштирокида 700 тага яқин корхона фаолият юритмоқда, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми эса 8 миллиард доллардан ошди.

Шунингдек ўқинг

Фикримча, навбатдаги босқич Ўзбекистонда юқори технологияли қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташкил этиш билан боғлиқ бўлади. Айниқса, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, электроника, машинасозлик, “яшил” энергетика, кимё саноати ва замонавий инфратузилма истиқболли соҳа саналади.

Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантириш, малакали иш ўринларини яратиш ва Ўзбекистон корхоналарини глобал ишлаб чиқариш занжирларига босқичма-босқич киритиш имконини беради.

Давлат раҳбарлари даражасидаги “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммитининг ўтказилиши ташрифга алоҳида аҳамият бағишлайди. Форматнинг олий сиёсий даражага кўтарилиши узоқ муддатли стратегик шериклик учун замин яратади.

85 миллиондан ортиқ аҳолига, салмоқли ресурсларга ва ўсиб бораётган транспорт ўзаро боғлиқлигига эга Марказий Осиё Жанубий Корея учун истиқболли иқтисодий маконга айланмоқда.

Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифига нафақат Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатларининг муҳим босқичи, балки бутун Марказий Осиё учун янги имконият яратадиган воқеа сифатида қараш лозим.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш