Ҳаж–2026: Саудия Арабистонида янги тартиб ва чекловлар жорий этилди
Апрель 19, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 237
АР-РИЁЗ, 19 апрель. /“Дунё” АА/. Cаудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати томонидан “Ҳаж–2026” мавсумига тайёргарлик доирасида зиёратчилар хавфсизлиги ва тартиб-интизомни таъминлашга қаратилган янги қоидалар жорий этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур чоралар, аввало, муқаддас шаҳар – Mаккa ҳудудига киришни қатъий назорат қилишга қаратилган.
Янги қоидаларга кўра, 2026 йил 13 апрелдан бошлаб Маккага кириш фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилади.
Фақат Маккада яшаш учун расмий ҳужжатга эга бўлганлар, расмий Ҳаж рухсатномаси бор шахслар, “Tasrih”, “Abshir Afrad” ва “Bavvaba Muqim” платформалари орқали электрон шаклда берилган махсус ишлаш рухсатномасига эга ходимларга киришга рухсат берилади.
Шу билан бирга, 2026 йил 18 апрелдан бошлаб барча турдаги визалар эгалари учун (Ҳаж визасидан ташқари) Маккага кириш ва у ерда бўлиш тақиқланади.
Умра визаси билан келган зиёратчилар учун мамлакатдан чиқиб кетишнинг сўнгги муддати 2026 йил 18 апрель этиб белгиланди. 18 апрелдан 31 майга қадар Умра учун рухсатномалар бериш вақтинча тўхтатилади.
Бу чоралар Ҳаж мавсуми давомида ортиқча юклама ва тартибсизликларнинг олдини олишга қаратилган.
Саудия томони қоидаларга амал қилмаган шахсларга нисбатан жиддий жазо чоралари белгиланганини маълум қилди. Жумладан, Ҳаж мавсумида талаб этилган тартиб ва кўрсатмаларни бузган ҳамда уларни бузилишига сабаб бўладиган шахсларнинг ҳар бири 20 минг саудия риали (5,5 минг АҚШ доллар)гача жаримага тортилади.
18 апрелдан 31 майга қадар ноқонуний равишда зиёратчиларни ташиш, яшириш ёки ёрдам бериш ҳолатлари учун 100 минг саудия риали (26,5 минг АҚШ доллар)гача жаримага сабаб бўлади. Қоидабузарлар депортация қилиниб, 10 йилгача мамлакатга кириши тақиқланиши мумкин. Ноқонуний ташувларда фойдаланилган транспорт воситалари мусодара қилинади.
Саудия Ички ишлар вазирлиги барча фуқаролар ва зиёратчиларни белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишга чақирмоқда. Қоидабузарлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун махсус алоқа рақамлари ишга туширилган. Фуқаролар Макка минтақасидаги 911 рақамига қўнғироқ қилиб, қоидабузарлар ҳақида хабар бериши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон фуқароларига Ҳаж зиёратини фақат расмий ва қонуний тартибда амалга ошириш тавсия этилади. Рухсатномасиз сафар қилиш нафақат молиявий жарималарга, балки депортация ва узоқ муддатли тақиқларга олиб келиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси