Ҳиндистон Бош вазири ёшларнинг оммавий норозилигидан сўнг имтиҳон тизимини ислоҳ қилишга чақирди

Июль 21, 2026. 19:10 • 2 дақ

89
Ҳиндистон Бош вазири ёшларнинг оммавий норозилигидан сўнг имтиҳон тизимини ислоҳ қилишга чақирди
“Reuters” агентлиги сурати

ДЕҲЛИ, 21 июль. /“Дунё” АА/. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди имтиҳон материалларининг сизиб чиқиши сабабли юзага келган оммавий норозиликлардан сўнг давлат имтиҳонларини ўтказиш бўйича ишончли тизим яратишга чақирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.

Парламент ишлари ва озчиликлар масалалари бўйича вазир Кирен Рижижунинг маълум қилишича, ҳукумат имтиҳонларни ўтказишдаги қонунбузарликларга зудлик билан муносабат билдирган: 13 киши ҳибсга олиниб, такрорий имтиҳон кечиктирилмасдан ўтказилган ва унинг натижалари эълон қилинган. Унинг сўзларига кўра, Бош вазир Нарендра Моди айбдорларга нисбатан қатъий чора кўриш ҳамда бу каби қонунбузарликларга йўл қўймайдиган тизим яратишга чақирган.

Норозиликларга икки миллиондан ортиқ абитуриентнинг манфаатларига дахл қилган тиббиёт олий таълим муассасаларига кириш бўйича миллий тест материалларининг сизиб чиқиши сабаб бўлган. “Cockroach Janta Party” (CJP – “Сувараклар халқ партияси”) ҳаракати иштирокчилари таълим вазири Дхармендра Прадханнинг истеъфосини талаб қилишди.

Нью-Деҳлида намойишчиларнинг полиция билан тўқнашуви чоғида 180 нафарга яқин одам жабрланди. Воқеадан сўнг CJP раҳбарияти норозилик намойишларини давом эттиришини, бироқ келгусидаги тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида парламент томон янги юришлар уюштиришдан воз кечишини маълум қилди.

Таълим вазирининг истеъфога чиқарилиши ҳамда фаолларнинг даъвосига кўра, имтиҳон материалларининг сизиб чиқиши билан боғлиқ можародан сўнг ўз жонига қасд қилган талабалар оилаларига товон пули тўланиши ҳаракатнинг асосий талабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Интернет ҳазили сифатида бошланган “Сувараклар халқ партияси” таълим тизимидаги муаммолар ва иш ўринлари танқислигидан норозилик кучайган бир пайтда тез орада йирик ёшлар норозилик ҳаракатига айланди.

Ҳаракатга май ойида Америка университети битирувчиси, 30 ёшли Абҳижит Дипке томонидан асос солинган. Ҳиндистон Олий суди раиси Суря Кантнинг ОАВда келтирилган маълумотларига кўра, мамлакатдаги ишсиз ёшларни “текинхўрлар” ва “сувараклар”га қиёслаган баёнот CJPнинг ташкил этилишига туртки бўлган.

Бунга жавобан Абҳижит Дипке ижтимоий тармоқларда ҳазиломуз тарзда: “Барча сувараклар бирлашса, нима бўлади?” дея мурожаат қилган. Кейинчалик фаоллар ушбу иборани матонат ва норозилик рамзига айлантирган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш