Logo

Хитойдан муносабат: Авазада бўлиб ўтган уч томонлама музокаралар Марказий Осиё иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликнинг асосий марказига айланиб бораётганини тасдиқлади

Август 23, 2025. 14:06 • 2 дақ

97
Хитойдан муносабат: Авазада бўлиб ўтган уч томонлама музокаралар Марказий Осиё иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликнинг асосий марказига айланиб бораётганини тасдиқлади

ПЕКИН, 23 август. /"Дунё" АА/. Жэньминь университети ҳузуридаги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича марказ директори ўринбосари Лю Сюй "Дунё" АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 август куни Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган "Озарбайжон – Туркманистон – Ўзбекистон" форматидаги уч томонлама саммитдаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди.

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Авазада бўлиб ўтган музокаралари мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.


Хитой Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик намунаси бўлган Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини юксак қадрлайди. Товар айирбошлаш ҳажмининг 700 миллион долларга ошгани, эркин савдо зонасининг ташкил этилгани иқтисодий интеграциядаги ҳақиқий муваффақиятлардан далолат беради.


Айниқса, Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" ташаббуси мақсадларига мос келадиган энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалигидаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар эътиборга молик.


"Шовот-Тошовуз" савдо зонасининг ташкил этилиши ҳудудлараро ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади. Хитой бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва фаровонликка ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр.


Ўз навбатида, "Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон" уч томонлама формати ҳам халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш мантиғига мос келадиган минтақанинг транзит салоҳиятини мустаҳкамлаши билан катта қизиқиш уйғотмоқда. Хитой буни глобал иқтисодий ўзаро боғлиқликнинг муҳим элементи деб билади ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга умид қилади.


Умуман олганда, ҳозирги музокаралар Марказий Осиё иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликнинг асосий марказига айланиб бораётганини тасдиқлайди. Хитой бундай конструктив мулоқотларни олқишлайди ва минтақани барқарор ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларда иштирок этишга тайёр.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш