Logo

Марказий Осиё ёшлар форуми иштирокчиларининг таклифларидан «Инсон ҳуқуқлари 75» ёшлар декларациясини ишлаб чиқишда фойдаланилади

Октябрь 23, 2023. 16:51 • 3 дақ

169
Марказий Осиё ёшлар форуми иштирокчиларининг таклифларидан «Инсон ҳуқуқлари 75» ёшлар декларациясини ишлаб чиқишда фойдаланилади

ТОШКЕНТ, 23 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкент шаҳрида  бошланган Марказий Осиё ёшлар форуми иштирокчиларига БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи мурожаат йўлладилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Халқаро анжуман дунё ҳамжамияти томонидан БМТ куни деб эълон қилинган тарихий сана – 24 октябрь арафасида  ва  Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури» доирасида ўтказилмоқда.


БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси номидан – ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги вакили вазифасини бажарувчи Жофри Ижумба ва ЕХҲТ амалдаги раисининг Ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жакунинг қутлов сўзлари тингланди.


Спикерлар Марказий Осиё ёшлар форуми унинг иштирокчилари учун ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш механизмлари бўйича зарурий билимларга эга бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш, долзарб ғоя ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун қулай ахборот-маърифат ва амалий муҳокама-мунозара майдонига айланишига ишонч билдирдилар. Бунда халқаро анжуман иши давомида сиёсатчилар ва жамоат арбоблари, илмий-академик доиралар намояндалари ва тадбиркорлар, Ўзбекистон ва дунё ёшлари вакиллари ўртасида бўлиб ўтадиган жонли мулоқотлар муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.


Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори Акмал Саидов халқаро форумни очар экан, ушбу жаҳон анжуманининг ўзига хос хусусиятлари, долзарблиги ва муҳимлигини кўрсатадиган қуйидаги мезонларни алоҳида таъкидлади:


биринчидан, Марказий Осиё ёшлар форуми Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бўлиб ўтмоқда;


иккинчидан, мазкур Форум аҳолисининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этадиган Марказий Осиё минтақасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бирдамлик ва ҳамкорликни ўзида рамзий ифодалайди;


учинчидан, Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Aссамблеяси 78-сессиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Ишчи гуруҳни ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини амалга ошириш доирасида ўтказилмоқда;


тўртинчидан, шакл ва мазмун жиҳатидан ўзига хос тарзда – онлайн ва офлайн шаклда ўтказилаётган ушбу халқаро анжуманда минтақамиз мамлакатларининг 500 дан ортиқ ёшлари, жумладан ёшлар парламенти аъзолари, ёшлар ташкилотлари етакчилари ва фаол навқирон инсонлар, шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги олий таълим муассасалари талаба-ёшлари қатнашмоқда;


бешинчидан, Форум майдонида ёшлар билан ўтказиладиган маслаҳатлашувлар натижаларидан 2023 йил декабрь ойида Женевада ўтадиган юқори даражадаги тадбирда тақдим этилиши режалаштирилаётган «Инсон ҳуқуқлари – 75» ёшлар декларацияси лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилади.


Форумда миллий ва хорижий экспертлар, Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари – 800 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.


Айни пайтда «Ёшлар маслаҳатлашувлари: халқаро миқёсда ёшлар ҳуқуқларини илгари суриш истиқболлари» мавзусидаги 3-ялпи мажлис бўлиб ўтмоқда. нда Унда иштирокчилар инсон ҳуқуқларининг ҳолати ва истиқболлари  юзасидан фикр алмашадилар, давлат, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларини муҳокама қиладилар. Шунингдек, улар келажакда инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун ёшлар қандай мажбуриятларни олишлари кераклигини ҳам кўриб чиқадилар.


Қайд этилишича, маслаҳатлашув давомида ёшлар томонидан билдирилган таклифлардан 2023 йил декабрь ойида Женевада бўлиб ўтадиган юқори даражадаги тадбирда тақдим этиладиган «Инсон ҳуқуқлари 75» ёшлар декларациясини ишлаб чиқишда фойдаланилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш