Ўзбекистон – Иордания: анъанавий дўстлик дўстликдан ўзаро ишончга асосланган стратегик шериклик сари

Ноябрь 24, 2026. 08:10 • 6 дақ

• 129
Ўзбекистон – Иордания: анъанавий дўстлик дўстликдан ўзаро ишончга асосланган стратегик шериклик сари

ТОШКЕНТ, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев икки кунлик давлат ташрифи билан Иорданияга борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги ўртасидаги муносабатлар қадимдан ўзаро ҳурмат, ишонч ва муштарак тарихий-маънавий қадриятларга асосланган.

Иордания Подшоҳи Абдуллоҳ II ибн ал-Ҳусайн ушбу давлатни 1921 йилдан бери бошқариб келаётган Ҳошимийлар сулоласининг вакили бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг 41-авлоди ҳисобланади.

Иордания Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 28 декабрь куни тан олган, 1993 йил 15 февраль куни икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Хусусан, 1996 йилда савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва ҳаво қатнови тўғрисида, 2002 йилда эса маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган.

Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон – Иордания муносабатлари янги мазмун ва амалий йўналишлар билан бойиди. 2023 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан икки давлат раҳбарлари ўзаро табрик мактублари алмашди. Бу ўзаро алоқаларнинг барқарор ривожланиб бораётганининг ёрқин ифодаси бўлди.

2025 йил Ўзбекистон – Иордания муносабатлари тарихида муҳим бурилиш даври бўлди. 25–26 август кунлари Иордания Подшоҳи Абдуллоҳ II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди.

Самарқанд шаҳрида икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар давомида кенг кўламли шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилиниб, 15 та муҳим ҳужжат имзоланди.

Хусусан, экстрадиция, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, қўшма комиссия тузиш, виза талабларини бекор қилиш, олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида шериклик, туризм йўналишида ҳамкорлик каби масалаларга оид битимлар тасдиқланди.

Иордания Подшоҳининг давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иорданиянинг “Ан-Наҳда” (“Ренессанс”) ордени билан тақдирланди.

Давлат етакчиларининг юқори даражадаги учрашувлари ҳамда салмоқли ҳужжатларнинг имзоланиши ҳам Ўзбекистон, ҳам Иордания учун манфаатли бўлди. Қўшма баёнотларда белгиланган вазифалар доирасида турли иқтисодий-сиёсий учрашувлар ташкил этилиб, биргаликда мақсадли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда иқтисодий ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йил 17–21 сентябрь кунлари Амман шаҳрида Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди. Унда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш ва янги бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу йилнинг 29–30 сентябрь кунлари Иорданиянинг “Dar Al-Dawa Development & Investment” фармацевтика компанияси делегацияси Ўзбекистонга келиб, мамлакатимизда дори-дармон ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказди.

Савдо кўрсаткичлари икки томонлама иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. 2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 8,5 миллион долларни ташкил этган. Шундан экспорт 5,4 миллион, импорт эса 3,1 миллион долларга тенг бўлган. Ўзбекистон экспортининг асосий қисмини озиқ-овқат маҳсулотлари, импортнинг катта улушини эса кимёвий маҳсулотлар ташкил этган.

Мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, келгусида фармацевтика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида баҳоланмоқда.

Икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот ҳам изчил давом этмоқда. 2026 йил 4 февраль куни Иордания Сенати раиси Файсал Ақиф Мисқал ал-Фаёз бошчилигидаги, 6 июль куни эса ушбу давлат Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва муҳожирлар масалалари бўйича вазири Айман Ҳусайн Сафадий раҳбарлигидаги делегациялар юртимизга ташриф буюрди.

Шунингдек ўқинг

Юқори мартабали меҳмонлар давлатимиз раҳбари тонидан қабул қилинди. Учрашувларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатларнинг муҳим таркибий қисми маданий-гуманитар ҳамкорликдир. Икки мамлакат халқларини муштарак исломий қадриятлар, бой тарихий мерос ва буюк алломаларнинг ҳаёти ҳамда илмий фаолияти боғлаб туради.

1996 ва 2000 йилларда Иордания Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуасида жойлашган Қусам ибн Аббос мақбарасини таъмирлаш учун молиявий ёрдам кўрсатган. Бу икки халқ ўртасидаги тарихий ва маънавий яқинликнинг амалий ифодасидир.

Мамлакатлар ўртасидаги маданий ва диний-маърифий ҳамкорлик ҳам янада фаоллашмоқда. 2025 йил сентябрь ойида Ўзбекистон диний идоралари вакилларидан иборат делегация Иорданияга ташриф буюриб, Фатво маркази, Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазирлиги ҳамда Иордания халқаро ислом фанлари университети раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

2025 йил октябрь ойида Иордания Подшоҳининг диний ва маданий масалалар бўйича бош маслаҳатчиси, шаҳзода Ғози ибн Муҳаммад Ўзбекистонга дин, тарих ва таълимга оид бир миллиондан ортиқ китоб, илмий ишлар ва ўқув қўлланмаларини ўз ичига олган рақамли кутубхона ҳамда ислом хаттотлигига оид шахсий коллекциясини беғараз совға қилди. Бу маданий ва илмий алоқалар ривожига қўшилган катта ҳисса бўлди.

2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси бошчилигидаги делегациянинг Иорданияга сафари доирасида икки мамлакат ўртасида Қўшма илмий қўмита ташкил этилди. Бу диний-маърифий ва илмий соҳалардаги ҳамкорликни тизимли ривожлантириш учун муҳим қадам бўлди.

Таълим соҳасида ҳам янги имкониятлар очилмоқда. 2025 йил август ойида олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. 2025 йил октябрь ойида Иордания делегацияси ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилган 43-сессиясида иштирок этди.

Туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш мақсадида 2025 йил ноябрь ойида 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди. 2026 йил 30 июндан бошлаб “Royal Jordanian Airlines” авиакомпанияси томонидан Амман ва Тошкент ўртасида мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик, ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратди.

Парламентлараро алоқалар ҳам икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналишига айланмоқда. 2025 йил апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясида Иордания парламенти делегацияси иштирок этди. 2026 йил январь ойида Олий Мажлис Сенатида Иордания парламенти Юқори палатаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил қилинди.

Ўзбекистон ва Иордания муносабатларида тарихий-маданий яқинлик алоҳида ўрин тутади. Иорданияда Самарқанд кўчаси, Имом ал-Бухорий кўчаси, Имом ат-Термизий номидаги масжид, Ал-Бухория бозори ҳамда Ибн Сино тиббиёт фанлари университетининг мавжудлиги ўзбек халқининг бой тарихий ва илмий меросига бўлган ҳурматни намоён этади.

Амман шаҳридаги Ал-Бухория бозори Бухородан келган савдогарлар тарихи билан боғлиқ бўлиб, икки халқ ўртасида асрлар давомида шаклланган савдо ва маданий алоқаларнинг рамзий ифодаси ҳисобланади.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига таянган ҳолда янги босқичга кўтарилмоқда. Давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувлар, фаоллашган сиёсий мулоқот, янги шартномавий механизмлар, парламентлараро алоқалар ва маданий-гуманитар ташаббуслар икки мамлакат ўртасидаги шерикликнинг кўп қиррали тус олаётганини кўрсатади.

Келгусида савдо айланмасини ошириш, инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалигида қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш икки томонлама муносабатларнинг асосий устувор йўналишлари бўлиб қолади.

Шу маънода, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида шаклланаётган ҳамкорлик нафақат икки давлат ва халқ манфаатларига, балки Марказий Осиё ва Яқин Шарқ минтақалари ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш