Туркиядан муносабат: Ўзбекистон ва Иордания муштарак маънавий ва тарихий илдизларга эга давлатлар замонавий дунёда янги ҳамкорлик кўприкларини барпо эта олишига мисол бўлади
Август 29, 2025. 16:56 • 2 дақ
• 46
АНҚАРА, 29 август. /"Дунё" АА/. Туркия Радио ва телевидение олий кенгаши эксперти Ахмет Акали "Дунё" АА учун интервьюсида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг 25-26 август кунлари Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи якунларини изоҳлади:

– Иордания Подшоҳининг Самарқандга ташрифи ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа бўлди. Бу икки давлат муносабатлари тарихида бундай даражадаги биринчи давлат ташрифи бўлиб, томонлар ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга тайёр эканликларини дарҳол кўрсатди.
Учрашувларнинг асрлар давомида илм-фан, маданият ва дипломатия маркази бўлиб келган Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтгани рамзий маънога эга. Унинг улуғвор обидалари музокаралар учун ёрқин замин бўлиб, Ўзбекистон ўзининг бой меросини замонавий ташаббуслар билан уйғунлаштириш истагини таъкидлади.
Музокаралар давомида эришилган келишувлар ўз кўлами билан ҳайратланарли. Сиёсат, савдо, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, таълим ва туризм каби муҳим соҳаларни қамраб олган 15 та ҳужжат имзоланди.
Виза режимини соддалаштириш ва Ҳукуматлараро комиссия тузиш ҳақидаги келишувлар муҳим қадамлардир. Бу ташаббуслар ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга, ишончни мустаҳкамлашга, одамлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга тубдан ёрдам бериши мумкин. Кимё ва тўқимачилик саноати, "ақлли қишлоқ хўжалиги", фармацевтика, туризм ва IТ каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги келишув ҳам бундан кам аҳамиятга эга эмас. Буларнинг барчаси амалий даромад ва ўзаро манфаатларга қаратилган стратегик ёндашувни акс эттиради.
Ташриф муҳитини алоҳида қайд этишни истардим. Ўзбекистон юксак даражадаги ташкилотчилик ва чинакам шарқона меҳмондўстликни намойиш этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Иорданиянинг олий мукофоти – "Ан-Наҳда" ("Ренессанс") ордени билан тақдирлаш маросими ҳам рамзий маънога эга бўлди. Бу нафақат ҳурмат белгиси, балки Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларнинг янги архитектурасини шакллантиришдаги ролини эътироф этишдир.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти ва Иордания Подшоҳи биргаликда дарахт экдилар ва бу жараён менда катта таассурот қолдирди. Ўйлайманки, дарахт қандай илдиз отиб, ўсса, Ўзбекистон ва Иордания ҳамкорлиги ҳам шундай мустаҳкамланиб, келажак авлодлар учун ўз мевасини беради.
Ишончим комилки, ушбу ташриф икки томонлама муносабатларни тўлақонли шерикликка айлантиришнинг бошланғич нуқтаси бўлиб, муштарак маънавий ва тарихий илдизларга эга давлатлар замонавий дунёда янги ҳамкорлик кўприкларини барпо эта олишига мисол бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари