Ўзбекистон – Қозоғистон: сиёсий ишончдан технологик шериклик сари
Июль 29, 2026. 08:10 • 5 дақ
• 248
ТАШКЕНТ, 29 июль. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти амалий ташриф билан Қозоғистонга боради ва Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган “Келажак ўйинлари” учинчи халқаро мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 23 ноябрь куни ўрнатилган. Бироқ ўзаро алоқаларнинг бугунги динамикаси нафақат дипломатик муносабатларнинг давомийлиги, балки сиёсий мулоқотнинг юқори суръати билан белгиланади.
Сўнгги ўн йил ичида икки давлат раҳбарларининг қатор ўзаро давлат ташрифлари амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2017, 2021 ва 2024 йилларда Қозоғистонга, шунингдек, Қозоғистон Президентининг 2019, 2022 ва 2025 йилларда Ўзбекистонга давлат ташрифлари бўлиб ўтди. Шу билан бирга, 2023 йилдан буён давлат раҳбарларининг норасмий учрашувлари ва амалий ташрифлари ҳам ўтказиб келинмоқда.
Сиёсий ҳамкорлик икки томонлама кун тартиби доирасидан анча кенг қамровга эга. Қозоғистон Ўзбекистоннинг БМТ, ШҲТ, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ҳамда “МО+” форматлари доирасидаги ташаббусларини мунтазам қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида саноат кооперацияси, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгаришига қарши кураш, туризм, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва кадрлар тайёрлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бу кўп қиррали ҳамкорлик механизмлари тизими икки томонлама шериклик фақат давлат раҳбарлари даражасида эмас, балки барқарор ижро вертикали асосида ривожланаётганини кўрсатади. Яъни сиёсий қарорлар ҳукуматлараро комиссиялар, ишчи гуруҳлар ва ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик орқали изчил амалга оширилмоқда. Айнан шундай институционал тузилма сиёсий келишувларни аниқ лойиҳалар ва амалий натижаларга айлантириш имконини бермоқда.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик учта ташқи савдо ҳамкоридан бири ҳисобланади. Марказий Осиё давлатлари билан мамлакатимиз ташқи савдо айланмасининг 57 фоизи айнан Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Ўз навбатида, 2025 йил Ўзбекистоннинг Қозоғистоннинг минтақа давлатлари билан товар айланмасидаги улуши 55,8 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистон, балки бутун минтақа иқтисодиёти учун ҳам тизимли аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Иқтисодий ҳамкорликнинг таркибий тузилмаси босқичма-босқич янада диверсификациялашиб бормоқда. Ўзбекистоннинг асосий экспорт йўналишлари қаторига транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар, механик ускуналар, озиқ-овқат ва саноат товарлари, тўқимачилик, кимё ва тамаки маҳсулотлари, қора металлар ва ичимликлар киради.
Қозоғистон эса Ўзбекистонга кимё, дон ва ун-ёрма саноати маҳсулотлари, қора металлар, озиқ-овқат, минерал ёқилғи ва электр энергияси, рудаларни етказиб беради.
Янада муҳим жиҳат шундаки, шериклик оддий савдо муносабатларидан саноат кооперацияси босқичига ўтмоқда. 2022 йилда қўшма лойиҳалар ва импорт ўрнини босиш дастурларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш мақсадида ташкил этилган Ҳукуматлараро ишчи гуруҳ энергетика, кимё саноати, транспорт, машинасозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, электротехника тармоғи, инфратузилма ҳамда фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари билан шуғулланмоқда.
Бу жараёнда Ҳукуматлараро комиссия, Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ва Ишбилармонлар кенгаши каби механизмлар муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш нафақат марказий ҳукуматлар даражасида, балки яқинда ташкил этилган вилоятлар раҳбарлари кенгаши орқали ҳам таъминланиши кўзда тутилмоқда. Ушбу кенгаш икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри муносабатларнинг янги механизмига айланиши кутилмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, икки томонлама шериклик тобора ўзаро бир-бирини тўлдирувчи хусусият касб этмоқда. Унинг барқарорлиги энди фақат бир йўналишга эмас, балки савдо, ишлаб чиқариш ва инвестициявий алоқаларнинг уйғунлигига таянмоқда.
Бўлажак ташриф алоҳида аҳамиятга эга. У икки мамлакат ўртасидаги сиёсий муносабатлар мустаҳкам иттифоқчилик асосига эга бўлган, иқтисодий шериклик эса юксак суръатларда ривожланаётган бир шароитда амалга оширилмоқда. Ҳамкорликнинг кейинги босқичи янги технологиялар, рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорликнинг инновацион шакллари билан боғлиқдир. Остонада ўтказилаётган “Келажак ўйинлари” халқаро мултиспорт турнири ҳам айни шу нуқтаи назар билан уйғунлик ҳосил қилади.
2026 йил мусобақага Остона мезбонлик қилмоқда. Турнир 29 июлдан 9 августга қадар бўлиб ўтади ва халқаро лойиҳанинг учинчи босқичини ташкил этади. Унинг дастлабки мусобақалари 2024 йил Қозон шаҳрида, иккинчиси эса 2025 йил Абу-Даби шаҳрида уюштирилган эди.
“Келажак ўйинлари” жисмоний спорт ва рақамли технологияларни ўзида уйғунлаштирган мутлақо янги мусобақа формати ҳисобланади. Иштирокчилар бир вақтнинг ўзида ҳам жисмоний, ҳам виртуал майдонларда беллашади, икки босқич натижалари эса якуний ғолибларни аниқлаш учун бирлаштирилади. Шу тариқа, мазкур турнир рақамли трансформация шароитида спорт индустриясининг ривожланиши ҳамда халқаро мусобақаларнинг янги форматлари шаклланаётганини намоён этади.
Бўлажак турнирнинг кўлами унинг халқаро аҳамиятини янада яққол намоён қилади. Мусобақада 50 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 900 нафар спортчи иштирок этади, томошабинлар сони эса 100 минг нафардан ошиши кутилмоқда. Мусобақа дастурига саккизта йўналиш киритилган: фижитал-футбол, фижитал-баскетбол, фижитал-шутерлар, фижитал яккакурашлар, фижитал рақслар, “MOBA Mobile”, “MOBA PC” ва қироллик жанги.
Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга бўлажак ташрифи турнирнинг очилиш маросимида иштирок этиш доирасидан анча кенг мазмунга эга. У Марказий Осиёда сиёсий ишонч, иқтисодий интеграция, технологик ҳамкорлик ва инновацион халқаро ташаббусларни биргаликда илгари суришга асосланган янги минтақавий муносабатлар моделининг шаклланаётганини акс эттиради. Шу маънода, “Келажак ўйинлари” нафақат спорт тадбири, балки минтақа тараққиётининг янги босқичига ўтиш рамзи сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси