Озарбайжондан муносабат: Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган амалий ташаббусларни илгари сурди
Сентябрь 25, 2025. 13:00 • 3 дақ
• 82
БОКУ, 25 сентябрь. /"Дунё" АА/. Озарбайжонлик таниқли сиёсатшунос Илгар Велизаде "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида биринчи марта чиқиши эмас. Бу давлатингиз раҳбарининг БМТдаги тўртинчи чиқиши. Ўзбекистон раҳбари ҳар сафар халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилар экан, барқарорликни мустаҳкамлаш ва минтақани ривожлантириш бўйича амалий қадамларга қаратилган ташаббусларни илгари суради. Унинг таклифлари анъанавий тарзда Марказий Осиё аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, трансчегаравий ресурсларни биргаликда бошқаришга қаратилган. Президент Шавкат Мирзиёев барқарор ривожланиш, экологик хавфсизлик, сув-энергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий муаммоларни биргаликда ҳал этиш муҳимлигини таъкидлайди.
Ўзбекистон Президенти бу гал ҳам Марказий Осиёни хавфсизлик, тараққиёт ва халқаро ҳамкорлик чамбарчас боғланган макон эканлигини яна бир бор қайд этди. Унинг мурожаатида барқарор ривожланиш, глобал таҳдидлар ва экологик хавф-хатарларга қарши кураш, янги чақириқлар қаршисида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш зарурияти билан боғлиқ қоидалар ўрин олган.
Ўзбекистон Президенти ижтимоий кун тартибига алоҳида урғу бериб, давлатлар учун "ҳеч кимни ортда қолдирмаслик" тамойилига асосланган ихтиёрий мажбуриятларнинг халқаро кодексини яратишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус инқирозли вазиятларда миллий хулқ-атворнинг универсал қоидаларини ишлаб чиқиш ва ҳаётий ресурслардан нотўғри фойдаланиш хавфини минималлаштиришга қаратилган.
Ўзбекистон етакчиси томонидан эълон қилинган янги ташаббуслар, жумладан, камбағалликни даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизга камайтириш, мактабгача таълим билан қамраб олиш 27 фоиздан 78 фоизга, олий маълумотли аҳоли улушини 9 фоиздан 4 фоизга ошириш каби салмоқли муваффақиятлар юксак таҳсинга сазовор. Менимча, Ўзбекистон расман ривожланаётган давлатлар қаторига киритилган бўлсада, бу ички ривожланиш кўрсаткичлари бўйича у аллақачон кўплаб ривожланган давлатларникига мос келади.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва фаровонлигига алоҳида эътибор қаратилаётган "Янги Ўзбекистон" концепциясига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Мамлакат инсон, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, сифатли таълим, тиббий хизматдан фойдаланиш, адолатли судловни таъминлаш асосий қадрият бўлган давлатга айланаётганини алоҳида таъкидланди. Бу шунчаки шиор эмас, балки "давлат шахсдан устун" тамойилидан "давлат шахс манфаати йўлида" тамойилига йўналтирилган давлат сиёсатининг моделидир.
Кўпгина ривожланаётган мамлакатлар учун бу чекланган ресурслар билан ҳам, тўғри устуворликлар билан тараққиётга эришиш мумкинлигини кўрсатади. Бунинг учун ислоҳотлар ва очиқлик, фуқаролик жамияти билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, янги чақириқларга мослашишга тайёр бўлиш учун сиёсий ирода зарур, буни бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон яққол намоён этмоқда.
Шу тариқа, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТга янги мурожаати Тошкентнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган амалий ташаббусларни илгари суриш бўйича изчил дипломатик саъй-ҳаракатларининг давоми бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари