Бокудан муносабат: Ўзбекистоннинг ТДТдаги ташаббуслари ташкилот доирасидаги ҳамкорликни амалий ва аниқ натижаларга йўналтирмоқда
Май 16, 2026. 09:10 • 4 дақ
• 80
БАКУ, 16 май. /“Дунё” АА/. Озарбайжондаги “Trend.az” ахборот нашри журналисти ва сиёсатшунос Алена Павленко “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг шу йил 15 май куни Туркистон шаҳрига амалга оширган хизмат сафари ва Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан фикр билдирди:
– Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) бугунги кунда энг нуфузли минтақавий бирлашмалардан бирига айланиш салоҳиятига эга. 2025 йил якунларига кўра, ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 2,1 триллион доллардан ошди, товар айирбошлаш ҳажми эса 1,127 триллион долларга етди.
Бу борада Ўзбекистон ТДТ доирасидаги амалий интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев изчил равишда иқтисодий ривожланиш, инфратузилма лойиҳалари ва ҳамкорликнинг аниқ натижаларига алоҳида урғу бериб келмоқда. Бу ташаббуслар мамлакатнинг ТДТ иқтисодий кун тартибини мувофиқлаштирувчи марказлардан бири сифатидаги ролини мустаҳкамламоқда.
Жумладан, Тошкент туркий давлатлар ўртасида Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва биродарлик тўғрисидаги шартномани қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Шунингдек, ТДТнинг 2030 йилгача ривожланиш стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон туркий давлатларнинг Иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини тузиш тарафдори бўлиб, унинг лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришни таклиф қилмоқда.
Ўзбекистон ТДТ доирасида савдо, бизнес ва ўзаро инвестициялар учун қулай шарт-шароитларга эга Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Асосий ташаббуслар қаторида Туркий давлатлар саноат альянсини тузиш, “Туркий яшил йўлаклар” электрон тизимини жорий этиш, стратегик минерал-хомашё базасини ривожлантириш, шунингдек, “яшил” энергетика ва логистика соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш бор.
“Яшил” энергетика соҳасида Ўзбекистон иштирокидаги асосий лойиҳалардан бири – Марказий Осиё энергетика тизимларини Озарбайжон орқали Европа билан боғлашга қаратилган “Яшил энергетика коридори”дир.
Анъанавий энергетика соҳасида ҳам Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик изчил кучайиб бормоқда. Яқинда “BP” компанияси Ўзбекистоннинг Шимолий Устюрт ҳудудидаги олтита блок бўйича маҳсулот тақсимотига оид битим (PSA)да иштирок этишини расман тасдиқлади. PSA бўйича келишув дастлаб 2025 йил 24 июль куни SOCAR, “Ўзбекнефтгаз” ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасида имзоланган эди. Лойиҳа амалга оширишнинг биринчи босқичида бўлиб, унда оператор сифатида SOCAR сейсмик қидирув ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, SOCARнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилиши ҳам маълум қилинди.
Ўрта коридор ва мультимодал логистикани ривожлантириш ҳам алоҳида устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўлининг қурилиши ТДТ учун стратегик аҳамият касб этмоқда ва у Ўрта коридор имкониятларини янада кенгайтириши кутилмоқда.
Ўзбекистон 600 миллион доллар капиталга эга Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтиришни ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда. Яқинда жамғарма ТДТ давлатларида қиймати 20 миллион доллардан бошланадиган илк инфратузилмавий ва логистика лойиҳаларини молиялаштиришга тайёр экани маълум қилинди. Тошкент, шунингдек, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молиявий институтлар билан стратегик ҳамкорлик дастурини қабул қилиш тарафдори ҳисобланади.
Яна бир муҳим йўналиш – рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаси. ТДТ давлат раҳбарларининг норасмий саммити “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусига бағишланди. Ўзбекистон бу соҳани ҳам фаол ривожлантирмоқда, мамлакатда 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси амалга оширилмоқда. ТДТ давлатлари, “CubeSat” форматидаги қўшма сунъий йўлдошни ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда.
Умуман олганда, ушбу ташаббуслар ТДТ доирасида минтақавий интеграциянинг чуқурлашаётганини кўрсатмоқда. Ўзбекистоннинг транспорт боғлиқлиги, энергетика ва технологик лойиҳаларни ривожлантиришдаги фаол иштироки эса ТДТ доирасидаги ҳамкорликни янада амалий ва аниқ натижаларга йўналтирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳамкорликнинг янги устувор йўналишларини белгилаб беради

Қиролича Ража Зарит Софиа: Юксак меҳмондўстлик ва ёрқин таассуротларга бой саёҳат учун раҳмат, Ўзбекистон!


