Озарбайжондан муносабат: Тошкент халқаро инвестиция форуми Европа ва Осиё ўртасидаги интеграция жараёнларини чуқурлаштиришнинг муҳим воситасига айланиб бормоқда
Июнь 13, 2025. 09:27 • 3 дақ
• 77
БОКУ, 10 июнь. /"Дунё" АА/. Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети доценти Эмин Гарибли "Дунё АА" учун интервьюсида IV Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳамда Словакия Бош вазири Роберт Фицо ва Болгария Президенти Румен Радевнинг Ўзбекистонга буюрган ташрифлари ҳақидаги фикрларини билдирди:

– 2025 йилнинг 10-12 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтаётган IV Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат Марказий Осиё учун асосий иқтисодий платформа, балки Европа ва Осиё ўртасидаги интеграция жараёнларини чуқурлаштиришнинг муҳим воситасига айланиб бормоқда. Форум Тошкентнинг инвестицияларни жалб этишнинг минтақавий маркази мақомини мустаҳкамлайди ва мамлакатимизнинг Янги Ўзбекистон стратегияси доирасидаги ислоҳотларни илгари суриш қатъиятини намойиш этади.
Тадбирнинг асосий мавзулари рақамли трансформация, барқарор ривожланиш, инфратузилма лойиҳалари ва мамлакатнинг замонавий, инклюзив ва рақобатбардош иқтисодиётни барпо этиш истагини акс эттирувчи стратегик ислоҳотлар бўлади. Амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликнинг шаффофлигини таъминлаш ва инвесторлар учун самарали кафолатлар халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятига ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда ва чет эл капиталининг кириб келишини рағбатлантирмоқда.
Форумга Европа давлатларининг юқори мартабали вакиллари, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тошкентга ташриф буюрган Словакия Бош вазири Роберт Фицо ва Болгария Президенти Румен Радев иштирок этаётгани қўшимча аҳамият касб этмоқда.
Ушбу ташрифлар нафақат Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги стратегик интилишларини таъкидлабгина қолмай, балки хавфсизлик, рақамли ҳамкорлик ва транспорт инфратузилмаси каби соҳаларда ҳам аниқ келишувлар имзоланишига хизмат қилади.
Болгариянинг "Бирдамлик ҳалқаси" ва қайта тикланадиган энергияни Европага ўтказиш бўйича "яшил кабель" лойиҳаси каби минтақавий ташаббусларда иштирок этиши, бунда Озарбайжон ҳам, Ўзбекистон ҳам иштирок этаётгани шундан далолат беради. Бу лойиҳалар Каспийдан ЕИгача бўлган барқарор ва ўзаро боғлиқ энергетика инфратузилмасини шакллантиришнинг реал истиқболларини очиб беради, иштирокчи давлатларнинг келажакдаги "яшил" иқтисодиёт учун ишончли етказиб берувчилар ва логистика марказлари сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Форум доирасида ҳам икки томонлама, ҳам Туркий давлатлар ташкилоти доирасида фаол ҳамкорлик қилиб келаётган Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг ўзаро алоқалари алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Озарбайжон транспорт, энергетика, рақамли иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзини асосий ҳамкор сифатида кўрсатди. Унинг халқаро коридорларда, жумладан, Ўрта йўлакда иштирок этиши Бокуни қитъалараро ҳамкорликнинг ривожланаётган архитектурасининг стратегик бўғинига айлантиради.
Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг инфратузилма ва "яшил" лойиҳаларни амалга оширишдаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, рақамли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва барқарор ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик технологик модернизация ҳамда Европа ва Осиё бозорларига интеграциялашув учун янги уфқларни очмоқда. Бу жараёнлар ҳар икки давлатнинг ҳам сиёсий иродаси, ҳам сармоявий салоҳияти билан қўллаб-қувватланиб, уларнинг минтақада барқарор ўсиш омили сифатидаги ролини кучайтирмоқда.
Шундай қилиб, IV Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳиятини намойиш этиш майдони, балки Европа ва Осиё ўртасида умумий манфаатларни илгари суриш, стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш ва ягона ҳамкорлик маконини шакллантиришда туркий давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш нуқтаси сифатида ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари