Беларусдан муносабат: ТХИФ-2026 инвестициявий ҳамкорликнинг янги босқичини шакллантирмоқда

Июнь 18, 2026. 19:30 • 3 дақ

53
Беларусдан муносабат: ТХИФ-2026 инвестициявий ҳамкорликнинг янги босқичини шакллантирмоқда

МИНСК, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Беларусь стратегик тадқиқотлар институти иқтисодий таҳлил бўлими бошлиғи Ирина Русак “Дунё” ААга V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Тошкент халқаро инвестиция форуми беш йил ичида глобал сармоядорлар учун Марказий Осиёдаги етакчи платформалардан бирига айланди. Тадбирнинг қайта тикланувчи энергетика ва инфратузилмадан тортиб, саноат, агросаноат мажмуаси, рақамли иқтисодиёт ва логистикагача бўлган мавзулари Евроосиё инвестициявий интеграциясининг кенг қамровли кун тартибини акс эттиради.

Беларуслик таҳлилчилар учун форумнинг жаҳон миқёсидаги платформа сифатида ташкил этилиши ва фаолият юритиши тажрибаси қизиқарлидир. Масалан, 2022 йилда форумда 56 мамлакатдан делегатлар йиғилган бўлса, бу йил иштирокчилар қаторида 100 га яқин мамлакатдан 60 дан ортиқ ҳукумат делегациялари вакиллари иштирок этмоқда.

Беларус учун бундай тадбирларда иштирок этиш мамлакатнинг саноат ривожланиш даражасини тизимли равишда намойиш этиш, миллий инвестиция дастуридаги амалий ечимларни илгари суриш ва Евроосиё кооперацияси доирасида тажриба алмашиш имкониятидир.

Айни пайтда институтимиз ШҲТ иқтисодий таҳлил марказлари консорциуми аъзоси сифатида “Глобал чақириқлар шароитида минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш омили сифатида ШҲТга аъзо давлатларда электрон тижоратни ривожлантириш” мавзусидаги йиллик ҳисоботни тайёрлашда иштирок этмоқда. Унинг дастлабки натижалари шуни кўрсатадики, бугунги кунда инвестициявий ҳамкорлик мутлақо янги босқичга чиққан.

Шунингдек ўқинг

Беларусь стратегик тадқиқотлар институти Ўзбекистоннинг кенг кўламли хусусийлаштириш дастурини амалга ошириш, саноат сектори, энергетика соҳаси ва бошқа йўналишларни модернизация қилиш борасидаги тажрибасини диққат билан ўрганмоқда.

Ўзбекистон ЕОИИдаги кузатувчи сифатида электрон тижорат товарларининг божхона маъмуриятчилиги жараёнлари ҳамда Беларусь кўплаб уйғунлаштириш жараёнларининг фаол иштирокчиси ва ташаббускори бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи бозорида савдо ва инвестиция шартларини кенгайтириш билан боғлиқ барча жараёнлар билан таниш.

Бугунги кунда Ўзбекистон Беларусь товарлари ва хизматларини экспорт қилиш, узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорлик учун энг истиқболли майдончалардан биридир. Иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, аҳолининг ёшлиги ва модернизацияга бўлган ижтимоий эҳтиёж ушбу бозорни Беларуснинг техника, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, тиббий буюмлар, IT ва таълим хизматлари ишлаб чиқарувчилари учун жозибадор қилмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, Тошкент халқаро инвестиция форуми инвестициявий ҳамкорликнинг янги архитектурасини мустаҳкамламоқда ва халқаро иштирокчилар учун жозибадор майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш