Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари мамлакатнинг ғоялар ва инновациялар яратиш марказига айланишга бўлган интилишини намоён этмоқда
Сентябрь 26, 2025. 16:32 • 4 дақ
• 126
ДЕҲЛИ, 26 сентябрь. /"Дунё" АА/. "Вивекананда жамғармаси" таҳлилий маркази катта илмий ходими Правеш Гупта (Ҳиндистон) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Ушбу нутқ қатъий ва изчил ислоҳотларни амалга оши
раётган ўрта катталикдаги мамлакатлар ҳам тобора тарқоқлашиб бораётган бугунги дунёда мувозанат, мулоқот ва конструктив ҳамкорликни ҳимоя қилишда нуфузли овозга айлана олишини исботлади. Президент ўз нутқини зиддиятлар кучайиб, халқаро институтлар заифлашиб, тенгсизлик ортиб бораётган бугунги мураккаб, тез ўзгарувчан глобал вазиятга баҳо беришдан бошлади. Шу нуқтаи назардан, у Ўзбекистонни янада адолатли ва инклюзив жаҳон тартиботини шакллантиришда фаол ҳамкор сифатида тақдим этди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар эътиборга лойиқ: камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача пасайди, мактабгача таълим билан қамраб олинган болалар сони деярли уч бараварга ошди, олий таълим олиш имконияти эса беш карра кенгайди. Фан, "яшил" энергетика ва инфратузилмага йўналтирилган сармоялар билан мустаҳкамланган бу ютуқлар сиёсий ирода қандай қилиб сезиларли ижтимоий тараққиётга айланганини яққол намойиш этмоқда. Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш ва болалардаги саратон касаллигига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби ташаббуслар Ўзбекистоннинг ғоялар ва инновациялар яратиш марказига айланишга бўлган интилишини яна бир бор таъкидлаб ўтди.
Менинг фикримча, Ўзбекистон раҳбари нутқининг ўзагини Янги Марказий Осиё концепцияси ташкил қилди. У БМТ Бош Ассамблеясига бор-йўғи саккиз йил олдин минтақа ёпиқ чегаралар ва ҳал этилмаган низолар билан тўлиб-тошганини эслатди. Бугун эса фаол дипломатия ва минтақавий маслаҳатлашув жараёнлари самарасида Марказий Осиё тинчлик, ҳамкорлик ва иқтисодий интеграция ҳудудига айланмоқда. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми карраларга ошмоқда, кўплаб инфратузилма лойиҳалари ҳаётга тадбиқ этилмоқда, янги қўшма институтлар яқин қўшнилар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамламоқда. Ўзбекистон БМТни ушбу саъй-ҳаракатларни резолюциялар, янги ривожланиш форумлари ва "яшил" технологиялар марказлари орқали расман тан олишга чақирар экан, Марказий Осиё халқаро муносабатлар тизимида мустақил кучга айланаётганини исботламоқда.
Глобал бошқарув масалаларида Шавкат Мирзиёев БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ва ривожланаётган мамлакатларнинг кўпроқ вакиллигини талаб қилувчи овозлар сони ортиб бораётганига қўшилди. У БМТни денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларга кўпроқ эътибор қаратишга, глобал боғлиқликни кучайтиришга, сув танқислиги ва иқлим миграцияси каби муаммоларни шошилинч жамоавий чақириқлар сифатида кўриб чиқишга чақирди. Унинг Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш ва иқлим миграцияси муаммолари бўйича Глобал пактни қабул қилиш тўғрисидаги таклифлари узоқни кўзлаган бўлиб, Орол денгизининг маҳаллий фожиасини барқарор ривожланишнинг умумбашарий муаммолари билан боғлайди.
Геосиёсий соҳада Ўзбекистоннинг позицияси ўта мувозанатли бўлмоқда. Нутқда Ғазо масаласида икки давлат тамойили қўллаб-қувватланди ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирилди. Украина атрофидаги вазиятга келсак, юқори даражадаги мулоқотлар бошлангани олқишланди ҳамда қарама-қаршилик эмас, балки дипломатия муҳимлиги таъкидланди. Афғонистон масаласида халқаро ҳамжамият ушбу мамлакатни яккалаб қўймасликка, аксинча,иқтисодий ва инфратузилма лойиҳалари орқали унинг барқарорлигини қўллаб-қувватлашга чақирилди. Умуман олганда, бундай позиция Тошкентнинг бугунги қутбланиш даврида ўзини кўприк қурувчи нейтрал овоз сифатида тақдим этишга интилишини намоён этмоқда.
Ўзбекистон Президенти тараққиётнинг инсоний мезони - хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, ёшларга сармоя киритиш ва маданий мулоқотни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Унинг Ўзбекистонда Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати бош қароргоҳини жойлаштириш бўйича чақириғи барқарор тинчлик келажак авлод онгида мустаҳкам қадриятларни шакллантиришга асосланишига бўлган ишончни таъкидлайди. Шундай қилиб, Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилиши Ўзбекистоннинг ўз интеллектуал меросини қайтариш, уни бағрикенглик ва маърифат манбаи сифатида дунёга тақдим этиш истагини акс эттиради.
Шавкат Мирзиёевнинг нутқи ўта прагматик руҳда бўлди. У Ўзбекистонни дунё харитасида сув дипломатиясидан тортиб ёшлар билан ишлашгача, минтақавий интеграциядан глобал бошқарув ислоҳотигача бўлган ғоялар билан ўртоқлашишга тайёр ҳамкор сифатида илгари сурди. Халқаро сиёсат кўпинча йирик кучларнинг рақобати билан белгиланаётган бир пайтда, унинг БМТдаги нутқи Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёни мулоқот, мувозанат ва конструктив глобал ҳамкорлик тарафдори бўлган янги куч сифатида кўришга даъват бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари