Logo

Иорданиядан муносабат: Бир-биридн узоқда бўлган мамлакатлар ўртасида ҳам узилмас ришталар яратилиши мумкин

Август 25, 2025. 19:42 • 5 дақ

169
Иорданиядан муносабат: Бир-биридн узоқда бўлган мамлакатлар ўртасида ҳам узилмас ришталар яратилиши мумкин

АММАН, 25 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Иорданиядаги фахрий консули Луай Абу-Ғаззолий "Дунё" АА учун интервьюсида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга бошланган давлат ташрифиҳақидаги фикрларини билдирди:

– Осиёнинг турли бурчакларида жойлашган Ўзбекистон ва Иордания бир қарашда бир-биридан тубдан фарқ қиладиган мамлакатлардек туюлиши мумкин. Ўзбекистон ўзининг бой Ипак йўли мероси ва кенг даштлари билан Иорданиянинг қадимий Инжил ландшафтлари ва чўлларидан фарқ қилади. Бироқ, чуқурроқ ўрганиб чиқсак, икки давлат ўртасида ислом анъаналарига асосланган маданий алоқалардан тортиб барқарорлик ва тараққиётга умумий урғу беришгача чуқур ўхшашлик борлиги аён бўлади.

Сўнгги йилларда, айниқса, 2025 йилда икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган даражага етди, бунга юқори даражадаги ташрифлар, иқтисодий келишувлар ва маданий алмашинувлар таъсир кўрсатди. Ўзбекистоннинг Иорданиядаги Фахрий консули сифатида мен шахсан ўзим ҳеч қачон кузатилмаган динамик мулоқотнинг гувоҳи бўлдим ва ишончим комилки, келгусида ҳамкорлик қилиш имкониятлари жуда катта.

2025 йил Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Амманга ташрифи билан бошланди. Басман саройида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн билан бўлиб ўтган учрашувда вазир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий мактубини тақдим этди.

Иордания Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва муҳожирлар вазири Айман Сафадий билан бўлиб ўтган музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф якунида асосий келишувлар, жумладан, дипломатик паспорт эгалари учун визадан озод этиш ва икки томонлама ҳамкорлик дастури имзоланди. Мазкур келишувлар алмашинуларни осонлаштириб, халқлар ва расмий алоқаларни мустаҳкамлашга содиқликнинг рамзи бўлди

Ташқи ишлар вазирлари йил давомида мунтазам алоқада бўлди. Улар Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши каби кўп томонлама тадбирлар доирасида учрашиб, минтақавий барқарорлик ва ислом бирдамлиги йўлида муштарак манфаатларни таъкидладилар. 6 август куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот истиқболдаги қўшма ташаббуслар кун тартибини илгари суриш йўлидаги яна бир қадам бўлди.

Июнь ойида Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчиси (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Нодиржон Турғунов Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайнга ишонч ёрлиқларини топшириб, дипломатик муносабатларни мустаҳкамлади.

Иқтисодий дипломатия август ойида Ўзбекистон инвестиция, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратовнинг Иорданияга ташрифи билан янги динамика олди. Бу ташриф чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий имкониятлар ва қўшма корхоналарни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Вазир Лазиз Кудратов Иордания инвестиция вазири ва бошқа муҳим шахслар, жумладан, Иордания фосфат компанияси вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, тоғ-кон саноати, фармацевтика ва ўғит саноати соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Жорий йилнинг бошида Иордания Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат икки мамлакат ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ҳам иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш, қишлоқ хўжалиги ва технология каби соҳаларга эътибор қаратиш мақсадида Амманга ташриф буюрди.

Маданий алмашинувлар Ўзбекистон-Иордания муносабатларига алоҳида туртки бермоқда. 2025 йил май ойида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO) Самарқанд шаҳрини "Ислом дунёсининг маданий пойтахти" деб эълон қилиш бўйича тадбирни ўтказди. Ушбу фахрий унвон Ўзбекистоннинг буюк цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги тарихий ролини яна бир бора тасдиқлади.

Тадбир доирасида Иордания маданият вазири бошчилигидаги делегация маданий меросни асраб-авайлаш ва қўшма дастурлар ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Самарқандга ташриф буюрди. Бу ташаббуслар Бухородаги маҳобатли масжидлардан тортиб, Ажлун қалъаси каби Иорданиянинг тарихий ёдгорликларигача бўлган мамлакатларни бирлаштирувчи умумий ислом меросини мустаҳкамлайди.

Таълим соҳаси ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши. Иорданияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони ортиб бормоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон ахборот технологиялари, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда алмашинув дастурларини таклиф қилиш орқали иорданиялик талабалар учун имкониятлар яратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат инсон капиталини ривожлантириш, балки халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам замин яратади.

Дипломатиядан ташқари Ўзбекистон ва Иорданиянинг ўхшаш жиҳатлари ҳам бор. Ҳар икки мамлакатда ҳам аҳоли барқарорлик, иқтисодий ривожланиш, глобал муаммоларга қарши курашда маданий анъаналарни сақлашни қадрлаб, ўз етакчиларини фаол қўллаб-қувватламоқда. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг анъаналарга ҳурмат билан иқтисодиётни модернизация қилиш борасидаги ислоҳотлари юксак баҳоланмоқда. Худди шундай, Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг доно ва инклюзив бошқарув йўли ҳамда минтақавий мураккабликларни ҳал қилиш қобилияти билан Иорданияда юксак ҳурматга сазовор бўлди.

Ҳамкорлик салоҳияти жуда юқори. Туризм, айниқса истиқболли йўналиш сифатида ажралиб туради. Регистон майдони каби Ўзбекистондаги ЮНЕСКО объектлари иорданиялик сайёҳларни ўзига жалб қилиши мумкин, Иорданиядаги Ўлик денгиз ва Рум Води эса ўзбеклар учун ноёб тажрибаларни тақдим этади. Виза режимининг яхшиланиши ва тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш билан сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошиши мумкин. Иқтисодий нуқтаи назардан, қайта тикланадиган энергия манбалари, тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар Ўзбекистоннинг табиий ресурслари ва Иорданиянинг стратегик жойлашувидан фойдаланган ҳолда катта салоҳиятга эга.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги 25 август куни бошланган олий даражадаги музокаралар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларда янги саҳифа – ўзининг интенсивлиги ва кўлами бўйича мисли кўрилмаган бобни очади.

Дипломатик босқичлардан тортиб, иқтисодий келишувлар ва маданий синергияларгача бўлган ўзаро таъсирлар мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Фахрий консул сифатида мен бу жадаллик халқларимизга сезиларли даражада фойда келтириб, Осиё бирдамлигининг энг яхши намунаси бўлган ҳамкорликни ривожлантиришига умид қиламан. Ўйлайманки, халқларимиз ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланади ва ҳатто географик нуқтаи назардан бир-биридан узоқ бўлган мамлакатларимиз ўртасида узилмас ришталар яратилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш