Хитойдан муносабат: Ўзбекистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори мақомини мустаҳкамламоқда
Июнь 18, 2025. 07:20 • 3 дақ
• 63
ШАНХАЙ, 18 июнь. /"Дунё" АА/. Фудань университети Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори ўринбосари Ма Бин (Хитой) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 17 июнь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё – Хитой" саммитидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

– 2023 йил май ойида Хитойнинг Сиань шаҳрида "Марказий Осиё-Хитой" янги механизми доирасидаги биринчи саммит бўлиб ўтди ва бу Пекин ҳамда минтақанинг бешта давлати ўртасидаги мулоқотнинг институционаллаштирилган форматининг бошланишини кўрсатди. Хитой ушбу механизмни чегара дипломатиясидаги стратегик янгилик ва ғарбий йўналишда "Бир макон ва бир йўл" ташаббусини илгари суриш учун асосий платформа сифатида кўрмоқда. Хитой ташқи сиёсати доктринаси нуқтаи назаридан механизм нафақат ғарбий чегараларда барқарорликни мустаҳкамлаш, балки Марказий Осиёда иқтисодий ва сиёсий иштирокини кенгайтириш воситаси бўлиб хизмат қилади.
Мунтазам платформанинг яратилиши Хитойга савдо, инфратузилма ва хавфсизлик соҳасидаги асосий лойиҳаларни мувофиқлаштириш, барқарор ҳамкорлик архитектурасини шакллантириш имкониятини беради. Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун бу йирик сармоя, илғор технологиялар, таълим ва гуманитар дастурлардан фойдаланиш имкониятини англатади.
Бироқ, шу билан бирга, Хитойнинг минтақанинг стратегик тармоқлари – логистика, энергетика, рақамли трансформация ва таълимдаги иштироки босқичма-босқич чуқурлашиб бормоқда.
Пекин Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини бўлажак Евроосиё йўлагининг энг муҳим бўғини сифатида кўриб, трансчегаравий инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу транспорт артерияси минтақанинг логистик географиясини тубдан ўзгартириш, Марказий Осиёни Шарқий Осиё ва глобал таъминот занжирларига интеграциялаш имкониятига эга. Инфратузилма лойиҳалари билан бир қаторда, Хитой экстремизм ва ташқи аралашувга қарши курашишни таъкидлаб, хавфсизликни таъминлаш дастурини изчил илгари сурмоқда. Бу Пекинга ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ва институционал иштирокини мустаҳкамлаш имконини беради.
Гуманитар йўналиш ҳам Хитой учун муҳимлигича қолмоқда. Академик алмашинув дастурлари, маданий ташаббуслар, стипендиялар ва касбий таълим орқали Пекин узоқ муддатли ижтимоий алоқаларни шакллантиради ҳамда ишончли ҳамкор сифатидаги имижини мустаҳкамлайди. Ушбу "юмшоқ" компонент Хитойнинг минтақавий стратегиясининг иқтисодий ва сиёсий таркибий қисмларини тўлдиради.
Шулар фонида Ўзбекистон Президентининг 2024 йил январь ойида Хитойга давлат ташрифи чоғида янги суръат олган Ўзбекистон-Хитой стратегик шериклиги мустаҳкамлангани айниқса яққол кўзга ташланади. Томонлар иқтисодиётдан тортиб гуманитар ҳамкорлик ва ташқи сиёсатни мувофиқлаштиришгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олувчи ҳар томонлама шериклик даражасида муносабатлар юзага келганини қайд этдилар.
Ўзбекистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори мақомини мустаҳкамламоқда. ТИВ раҳбарлари даражасида Стратегик мулоқотнинг йўлга қўйилгани, Самарқандда иккинчи Ҳудудлар форумининг ўтказилиши, шунингдек, савдо ва инвестициявий кўрсаткичлар кескин ошгани бунинг яққол далилидир. Ўзбекистонда қўшма саноат зоналари фаол ривожланмоқда, электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Катта инвестициялар "яшил" энергия, рақамли иқтисодиёт, агросаноат сектори, фармацевтика, логистика ва бошқаларга йўналтирилмоқда.
Халқаро мувофиқлаштириш ҳам тизимли даражага кўтариляпти. Расмий Тошкент ва Пекин БМТ, ШҲТ, "Марказий Осиё – Хитой" механизми доирасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқлайдилар. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокараларни якунлангани тўғрисидаги баённоманинг имзоланиши икки давлат стратегияларининг сиёсий ва иқтисодий ҳамоҳанглиги рамзи бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Пекин Тошкентга ҳам икки томонлама форматда, ҳам минтақавий кўп томонлама архитектура доирасидаги устувор иттифоқчи сифатида қарайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон учун бу ҳамкорлик нафақат инвестиция ва технология манбаи, балки жаҳон давлатлари ўртасидаги рақобат кучайиб бораётган бир шароитда халқаро мавқени мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни модернизация қилишнинг муҳим воситасидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари