Ўзбекистон Британиянинг етакчи ОТМлари билан ҳамкорликни кучайтирмоқда
Май 17, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 81
ЛОНДОН, 17 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Буюк Британиянинг етакчи ОТМ ва таълим ташкилотлари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларда Буюк Британиянинг Лондон Қироллик коллежи, Эдинбург, Уорик, Рединг университетлари ҳамда Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби (SOAS), Голдсмитс коллежи, Лондон университети, Лондондаги Риджентс университети ва “Studynet Group” ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида олий таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Қўшма таълим дастурлари ва факультетларини ташкил этиш, илмий-тадқиқот соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, шунингдек, ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви дастурларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Буюк Британиянинг етакчи университетлари тажрибасини Ўзбекистон олий таълим тизимига жорий этиш, замонавий таълим стандартлари ва инновацион ёндашувлар асосида кадрлар тайёрлаш ҳамда академик мобилликни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Британия томони Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий университетлар билан ҳамкорлик учун яратилаётган шароитлар ва истиқболли лойиҳаларни ижобий баҳолади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, амалий натижаларга йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, келгусида мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




