Покистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг "Марказий Осиё – Италия" саммитидаги нутқи нафақат минтақавий, балки кенг халқаро ҳамкорлик истиқболларини қамраб олган
Июнь 03, 2025. 09:46 • 3 дақ
• 38
ИСЛОМОБОД, 3 июнь. /"Дунё" АА/. Равалпинди савдо-саноат палатаси раҳбари Усмон Шавкат (Покистон) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 май куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё – Италия" саммитидаги нутқида илгари сурилган глобал ташаббусларнинг аҳамиятини таъкидлади:

– Ўзбекистон Президентининг "Марказий Осиё – Италия" саммитидаги нутқида мамлакатнинг Европа мамлакатлари билан олиб борилаётган фаол ташқи сиёсатининг мантиқий давоми ҳисобланувчи ташаббуслар илгари сурилган.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида қайд этган сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик йўналишлари кўп томонлама манфаатларга хизмат қилиши билан ажралиб туради. Бу эса нафақат Марказий Осиё мамлакатлари ва Италия учун, балки кенг маънода бутун Евроосиё макони, жумладан Покистон учун ҳам муҳим геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамиятга эга.
Ўзбекистон томонидан билдирилган хавфсизлик, терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция ва наркотрафикка қарши курашишда италиялик шериклар билан ишчи механизмлар ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш таклифи минтақада барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан ўта муҳим аҳамиятга эга. Бу масалалар Покистон хавфсизлиги учун ҳам жуда долзарб. Афғонистон муаммоси ва Яқин Шарқдаги мураккаб вазият контекстида бугунги кунда янада ўткирлашмоқда. Шу жиҳатдан "Марказий Осиё – Италия" форматидаги мулоқот Покистон учун ҳам алоҳида мазмун касб этади.
Бу борада "Марказий Осиё – Италия" формати Исломобод учун ҳам янги имкониятлар очмоқда. Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги саноат кооперацияси, инвестициявий алоқалар ва "яшил" трансформация соҳасидаги ташаббуслар алоҳида эътиборга лойиқ. Бу йўналишда эришилаётган натижалар хорижий мамлакатлар учун иқтисодиётини диверсификация қилиш, саноатни модернизациялаш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш борасида фойдали намуна ва алоҳида тажриба мактаби мактабини ўтайди.
Ўзбекистон Президентининг "Марказий Осиё – Италия" ишбилармонлар клубини ташкил этиш, Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлиги ташаббуси доирасида лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча молиявий ресурсларни шакллантириш тўғрисидаги таклифи ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни тизимли йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик юзасидан билдирган фикрлари ҳам эътиборга молик. Академик алмашувлар ва илмий-таълим консорциуми тузиш ташаббуси минтақада инсон капиталини ривожлантириш, Европа илмий салоҳияти билан яқинроқ интеграциялашишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, ёшлар форуми ва креатив иқтисодиёт соҳасидаги маданий алмашувлар "юмшоқ куч" сиёсатини кучайтириш, давлатлар ўртасида ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини яратишда муҳим восита вазифасини ўтайди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президентининг "Марказий Осиё – Италия" саммитидаги нутқи нафақат минтақавий, балки кенг халқаро ҳамкорлик истиқболларини қамраб олган. Ушбу формат салоҳиятидан тўғри фойдаланилса, Покистон учун ҳам сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда янги имкониятлар очилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Кенжи Ҳирата: Япония–Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот