Покистондан муносабат: Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг ривожланиши нафақат икки томонлама ютуқ, балки минтақавий тинчлик ва хавфсизлик архитектурасига қўшилган ҳиссадир
Апрель 25, 2025. 09:32 • 2 дақ
• 49
ИСЛОМОБОД, 25 апрель. /"Дунё" АА/. Покистондаги Қуаид-и Азам университетининг сиёсат ва халқаро муносабатлар факультети декани профессор Зафар Навоз Жаспал "Дунё" АА учун интервьюсида Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 23-24 апрель кунлари Самарқанд шаҳрига буюрган ташриф ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Туркман халқининг миллий етакчисининг Ўзбекистонга бу галги ташрифи Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Покистон Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги минтақалараро ўзаро боғлиқлик ва савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришнинг фаол тарафдори бўлган ҳолда минтақа барқарорлиги ва фаровонлигидан манфаатдор. Покистон жамоатчилиги Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг янада яқинлашишини катта қизиқиш билан кузатмоқда.
Биринчидан, расмий Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги стратегик мулоқот даражаси ҳайратланарлидир. Олий даражада ўтган музокаралар томонларнинг нафақат муносабатларни чуқурлаштиришга қаратилган сиёсий иродаси, балки уларнинг чегараолди савдосини ривожлантиришдан тортиб, маданий алмашинувгача бўлган амалий йўналишини ҳам намоён этди.
Покистон бу ташаббусларни Марказий Осиёда барқарор тинчлик ва иқтисодий ўсишнинг муҳим элементлари сифатида баҳолайди, бу эса ўз навбатида уларнинг Жанубий Осиё давлатлари билан сиёсий мулоқотларида ўз аксини топади.
Покистонлик экспертларнинг фикрича, минтақадаги ана шундай ташаббуслар учун намуна бўлиши мумкин бўлган Шовот-Тошҳовуз чегара савдо зонасини яратиш бўйича ҳамкорликдаги ишлар алоҳида қизиқиш уйғотади. Покистон минтақавий иқтисодий ҳамкорлик концепциясини илгари сурувчи давлат сифатида трансчегаравий ўзаро ҳамкорликнинг бундай шаклларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаш лозим. Туркманистон ва Ўзбекистон трансконтинентал йўналишлар, жумладан, Жанубий Осиёга олиб борувчи йўлакларни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Икки мамлакат ўртасида юк ташиш ҳажмини ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш Покистон портлари, жумладан Карачи ва Гвадар билан интеграция истиқболларини очади.
Маданий нуқтаи назардан, гуманитар алмашинувлар фаоллашгани, Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунларининг ўтказилиши халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамламоқда. Бу, айниқса, маданий дипломатия тинчлик учун кучли воситага айланиб бораётган глобал беқарорлик шароитида муҳим аҳамиятга эга.
Икки давлат етакчиларининг музокаралари кун тартибига минтақавий ҳамкорлик масалалари киритилгани мамлакатлар учун тинчлик ва хавфсизлик муҳимлигини кўрсатади.
Шунингдек, музокаралари кун тартибига "Марказий Осиё плюс" ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви каби истиқболли минтақавий форматларга оид масалалар киритилгани эса минтақа давлатларининг кўп томонлама ҳамкорликнинг барқарор механизмларини яратиш истагини билдиради.
Ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг ривожланиши нафақат икки томонлама ютуқ, балки минтақавий тинчлик ва хавфсизлик архитектурасига қўшилган ҳиссадир. Покистон экспертлар ҳамжамияти бу каби саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди ва Марказий Осиё келажаги бирдамлик, прагматизм ва очиқликда, деб ҳисоблайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Кенжи Ҳирата: Япония–Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот