Logo

Покистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга ташрифи иқтисодий дипломатия ва миллий манфаатлар уйғунлашган сиёсатнинг давомидир

Июнь 26, 2025. 07:11 • 2 дақ

66
Покистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга ташрифи иқтисодий дипломатия ва миллий манфаатлар уйғунлашган сиёсатнинг давомидир

ИСЛОМОБОД, 26 июнь. /"Дунё" АА/. Халқаро муносабатлар бўйича эксперт Ҳумоюн Хон (Покистон) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24-25 июнь кунлари Мўғулистонга буюрган давлат ташрифи ҳақидаги фикрларини баён қилди:

– Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга ташрифи нафақат минтақавий дипломатия тадқиқотчиси, балки Евроосиё ҳамкорлигининг ривожланаётган архитектурасини кузатувчиси сифатида ҳам эътиборимни тортди. Бу шунчаки протокол ташрифи эмас, балки расмий Тошкент ўзининг сиёсий ва иқтисодий иштирокини анъанавий минтақадан ташқарида кенгайтираётганининг белгисидир.

Томонлар давлатлараро декларациялар билан бир қаторда аниқ ташаббусларга ҳам эътибор қаратгани айниқса аҳамиятли бўлди. Ўзбекистон ва Мўғулистон табиий ресурслар, ишлаб чиқариш, логистика, шунингдек, технология ва таълим соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Эришилган келишувларнинг амалий ижроси, хусусан, Улан-Баторда Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати бўйича тармоқ ваколатхонасининг очилгани менда катта таассурот қолдирди. Бу сўздан амалга қадамдир.

Расмий Тошкент нафақат дўстона муносабатлар, балки ишбилармонлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик форматларини барпо этаётганига ишончим ортиб бормоқда. Бу прагматик ёндашув бўлиб, минтақадаги бошқа давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шунингдек, ташрифнинг маданий алмашинувлар, таълим соҳасидаги ташаббуслар ва тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйишни ўз ичига олган "инсон ўлчови"ни ҳам таъкидлаш жоиз. Бу барқарор халқаро муносабатлар учун жуда муҳим бўлган ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.

Кенгроқ тушунтирганда, Ўзбекистон стратегик фикрлаш ва изчил ҳаракат қилиш қобилиятини намоён этяпти. Мўғулистонга ташриф ҳам бундан мустасно эмас, балки иқтисодий дипломатия ва миллий манфаатлар уйғунлашган сиёсатнинг давомидир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш