Покистондан муносабат: Марказий Осиё ва Марказий Европа ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янги ва янада мазмунли босқичга кўтарилди
Июнь 10, 2025. 16:11 • 2 дақ
• 82
ИСЛОМОБОД, 10 июнь. /"Дунё" АА/. "Pakistan in the world" газетаси бош муҳаррири Тазин Ахтар (Покистон) "Дунё" АА учун интервьюсида Словакия Бош вазири Роберт Фицонинг 8-10 июнь кунлари Ўзбекистонга амалга ошираётган ташрифи ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ташриф Марказий Осиё ва Марказий Европа ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янги ва янада мазмунли босқичга кўтарилганини тасдиқлайди. Гап саноат, инвестиция, илм-фан, маданият ва миграция сиёсатини қамраб олган аниқ ҳамкорлик механизмларини ишга туширишга бўлган жиддий мақсадлар ҳақида кетмоқда.
Айниқса, Тошкентдаги музокаралар чоғида томонлар умумий ниятлардан узоқ муддатли ҳамкорлик архитектурасини барпо этишга ўтгани алоҳида эътиборга молик. Гап кенг кўламли Саноат кооперацияси дастурини тайёрлаш, квант стандарти лабораториясини ишга тушириш, IТ-стартаплари бўйича қўшма венчур фондини яратиш ва имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича "йўл харита"сини келишиш ҳақида бормоқда.
Словакия Ўзбекистонни нафақат экспорт бозори, балки бутун Евроосиё қитъасига чиқиш имкониятига эга ишлаб чиқариш маркази сифатида кўриб, етук ёндашувни намойиш этмоқда. Менимча, бу, айниқса, таъминот занжирларини қайта кўриб чиқиш ва глобал беқарорлик фонида жуда долзарбдир.
Ташриф, шунингдек, гуманитар йўл "қаттиқ" кун тартибини мустаҳкамлашга қандай хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатди. Академик алмашинувлар тўғрисидаги келишувлар, Словакия университетлари иштирокида илмий-тадқиқот дастурларини йўлга қўйиш, маданий лойиҳалар ва уюшган меҳнат миграцияси бўйича муҳокамалар барқарор ҳамда ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот учун шароит яратади.
Бир сўз билан айтганда, Роберт Фицонинг ташрифи нафақат Ўзбекистон-Словакия муносабатлари контекстида муҳим аҳамиятга эга, балки кенгроқ тенденция – Евроосиёда прагматизм, ўзаро манфаатдорлик ва реал ҳаракатларга тайёрлик асосидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги уфқларини шакллантириш рамзидир. Ўзбекистон, шубҳасиз, ушбу янги имкониятлар дипломатиясини жалб қилувчи марказлардан бирига айланиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Кенжи Ҳирата: Япония–Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот