Logo

Россиядан муносабат: Термиз мулоқоти Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш учун майдон бўлиб хизмат қилади

Май 18, 2025. 03:43 • 2 дақ

226
Россиядан муносабат: Термиз мулоқоти Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш учун майдон бўлиб хизмат қилади

МОСКВА, 18 май. /"Дунё" АА/. Россия Фанлар академияси Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг Марказий Осиё бўйича сектори раҳбари Станислав Притчин (Россия) "Дунё" АА учун интервьюсида 19 май куни Термизда бошланадиган "Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш" мавзусидаги Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Термиз мулоқоти, назаримда, Евроосиё минтақасида принципиал жиҳатдан янги – ҳам транспорт, ҳам геосиёсий архитектуранинг шаклланишига хизмат қилувчи ўз вақтида ва ўта муҳим воқеа бўлади.

Бугун транспорт йўлаклари харитасига назар ташлайдиган бўлсак, Марказий Осиё ва Евроосиёни Жануб ва Ҳинд океани билан боғловчи ривожланган инфратузилманинг йўқлиги яққол кўзга ташланади. Тарихий ва геосиёсий жиҳатдан Афғонистон, афсуски, бу минтақаларни бир-биридан ажратган.

Ўзбекистон сўнгги ўн йил давомида ушбу вазиятни тўғрилаш бўйича фаол иш олиб бормоқда. 2021 йилдан бошлаб янги транспорт архитектурасини яратиш бўйича жиддий музокаралар олиб борилмоқда ва тадбирлар ўтказилмоқда. Афғонистон бу ерда асосий роль ўйнайди, чунки у амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли Марказий ва Жанубий Осиё, шунингдек, Россия ва Ҳинд океани ўртасидаги боғловчи ва транзит марказга айланиши мумкин.

Марказий Осиё давлатлари иштирок этаётган Россиянинг "Шимол-Жануб" лойиҳаси мавжуд бўлишига қарамай, бу Покистон ва Ҳиндистон билан тўғридан-тўғри алоқа учун айланма йўлдир. Шу билан бирга, Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлайдиган транспорт инфратузилмасини яратиш учун барча шарт-шароит мавжуд.

Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар минтақавий шерикларнинг ҳам, яккаланиб қолишдан, жумладан, транспорт изоляциясидан ҳам манфаатдор Афғонистоннинг манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Ўзбекистон учун бу ўзини геосиёсий ўзгаришлар ташаббускори ва илҳомлантирувчиси сифатида эълон қилиш, шунингдек, янги бозорларни очиш ва транзит давлатга айланиш имкониятидир.

Россия расмий Тошкентнинг ушбу ҳудудни ривожлантириш ва янги транспорт архитектурасини шакллантириш бўйича ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Шу нуқтаи назардан, Термиз мулоқоти самарали бўлиб, Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш ва Афғонистон орқали транзит салоҳиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш имконини беради, шунингдек, ушбу муҳим лойиҳаларни амалга оширишга туртки бўлишига ишонаман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш