Logo

Туркиядаги театрларда “Темур ва Йилдирим” спектакли намойиш этилмоқда

Апрель 09, 2026. 11:36 • 2 дақ

125
Туркиядаги театрларда “Темур ва Йилдирим” спектакли намойиш этилмоқда

АНҚАРА, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Давлат театрлари бошқармаси билан ҳамкорликда турк саҳналарида “Темур ва Йилдирим” спектакли намойиш этилмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Спектакл таниқли турк ёзувчиси Рафет Элчининг “Аҳрор” романи асосида саҳналаштирилган. Асар воқеалари 1402 йилги Анқара жангидан кейинги жараёнлар, хусусан, икки буюк ҳукмдор ўртасидаги мураккаб психологик суҳбат ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот атрофида қурилган.

Драманинг асосий ғояси тарихдан сабоқ олиш, қардош халқлар ўртасидаги низоларга чек қўйиш ва умумий мақсадлар йўлида бирлашиш зарурлигини тарғиб қилишдан иборат. Спектаклда Соҳибқироннинг олижаноблиги, унинг туркий миллатлар шонини юксалтириш йўлидаги интилишлари ҳамда Султон Боязиднинг вафотидан сўнг Онадўли ерларини унинг фарзандларига тақсимлаб бериб, Мовароуннаҳрга қайтгани таъсирчан лавҳаларда ифодаланган.

Шунингдек ўқинг

Давр муҳитини жонлантиришда саҳна дизайни, либослар, ёруғлик ва мусиқа ечимларидан маҳорат билан фойдаланилган. Мазкур тарихий асар шу кунга қадар Эрзурум, Элазиғ ва Малатия шаҳарларида катта муваффақият билан намойиш этилди. Режага кўра, спектакль 9, 10 ва 11 апрель кунлари Коня шаҳри давлат театрида, йил давомида эса Туркиянинг бошқа йирик шаҳарларида томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

Бу каби маданий лойиҳалар Амир Темур сиймосини халқаро миқёсда улуғлаш билан бирга, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги тарихий-маънавий ришталарни янги авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш