Оқтов шаҳрида Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Апрель 09, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 149
ОҚТОВ, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг Оқтов шаҳридаги Марказий кутубхонада Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Оқтовда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, этномаданий марказлар, жамоат арбоблари, талабалар, ватандошлар, Мангистау вилояти ҳокимияти ҳамда марказий кутубхона ходимлари иштирок этди.
Суҳбат давомида юртимизнинг Оқтов шаҳридаги бош консулхонаси дипломатлари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилингани ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан “Амир Темур ва Темурийлар давлати” мавзусида халқаро конференция ўтказилиши, илмий нашрлар ва тарғибот тадбирлари амалга оширилиши режалаштирилгани таъкидланди.
Иштирокчилар ўз чиқишларида Амир Темурнинг жаҳон тарихи тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг Марказий Осиё, Европа ва бошқа мамлакатлар тарихи ва ривожига кўрсатган таъсири ҳақида фикр билдирилди.
Туркия Бош консули Сабри Алптекин ўз нутқида Амир Темур жаҳон тарихида йирик давлат арбоби, моҳир саркарда ҳамда илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида танилганини таъкидлади. У Темур ва Темурийлар даври тарихини чуқур ўрганиш ва унинг ҳаққоний жиҳатларини кенг жамоатчиликка етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини қайд этди.
Тадбир якунида иштирокчиларга Амир Темур ва Темурийлар тарихи билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга, хусусан Самарқанд ва Қарши шаҳарларига ташриф буюриш таклиф қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси