Мадридда “Улуғ Амир ва Донна Мария” фильми премьераси муваффақиятли намойиш қилинди
Апрель 26, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 449
МАДРИД, 26 апрель. / “Дунё” АА/. Испания пойтахтидаги “Palacio de Hielo” кинотеатрида ўзбек киноижодкорларининг “Буюк Амир ва Донна Мария” бадиий филми премьераси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Премьера намойиши юртимизнинг Мадриддаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда Испания ва Осиё мамлакатлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришда муҳим ўрин тутадиган нуфузли “Casa Asia” ташкилоти кўмагида ташкил этилди.
Тадбирда дипломатик корпус, маданий доиралар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Фильм Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро маданий лойиҳа доирасида намойиш этилди.
Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов ушбу кино лойиҳа Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги Амир Темур даврига бориб тақаладиган тарихий алоқаларни акс эттириши, ўша даврдаги дипломатик муносабатларнинг ривожланишини намойиш қилишини таъкидлади.
Сценарий муаллифи, таниқли ёзувчи Хайриддин Султонов фильм турли мамлакатлар мутахассислари иштирокидаги халқаро ижодий жамоанинг кўп йиллик меҳнати натижаси эканини таъкидлади. Шунингдек, у икки давлат ўртасидаги кўп асрлик алоқалар, жумладан, Кастилия элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур саройига ташрифи рамзий маънога эга эканини эътироф этди.
Муаллифнинг сўзларига кўра, картинанинг бадиий концепцияси тарихий манбалар ва муаллифлик тафаккури уйғунлигига асосланган бўлиб, эркинлик, инсон қадр-қиммати ва маданиятларнинг ўзаро ҳурмати мавзуларига эътибор қаратилган. Тарихий хотиранинг аҳамияти ва унинг шахс шаклланишига таъсирини очиб берувчи замонавий сюжет чизиғига алоҳида эътибор қаратилган.
Тақдимот доирасида фильм режиссёри Ёлқин Тўйчиев ҳамда бош роль ижрочиси актриса Жессика Мей (Донна Мария) томошабинлар олдида чиқиш қилди. Улар лойиҳа ижодкорларига миннатдорлик билдириб, бундай йирик халқаро фильмда иштирок этиш улар учун катта шараф бўлганини таъкидлади.
Премьера самимий ва дўстона муҳитда ўтди. Томошабинлар фильмни юқори баҳолаб, унинг чуқур тарихий контексти, кучли актёрлик салоҳияти ва мавзуларнинг долзарблигини алоҳида қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси