Ўмондаги ёдгорликларда Темурийлар санъати ва меъморчилигидан кенг фойдаланилган
Март 24, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 109
МАСКАТ, 24 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Ўмонда сақланаётган Амир Темур ва Темурийлар даврига оид китоблар ва қўлёзмалар ҳамда ушбу давр санъати, меъморчилиги ва миниатюраларига оид экспонатларни ўрганди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, Султонлик саройида Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуасидаги мақбаранинг безакларидан (муқарнас) андоза олиб ишланган тахт мавжуд.
Ушбу муқарнас кошинланган сополдан ясалган бўлиб,
1360–1361 йилларда Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуасида барпо этилган мақбаранинг ички қисмидаги бурчак муқарнаснинг безагида ишлатилган.
Кошин марказидаги шакл “Самарқанд уч баргли нақши” деб аталади, унинг юқори ўрта қисми масжид гумбазини тасвирлайди. Муқарнас темурийлар даври меъморлигида кенг қўлланилган. Шакл нилуфар гуллари билан чатишиб кетган новдалардан иборат ўсимликсимон нақш билан тўлдирилган.
Бундай безак “Ҳаёт дарахти”ни ифодалайди ва Аллоҳнинг барча жойда ҳозирлигига ишора қилади. Ушбу фрагмент ҳозирда Санкт-Петербургда жойлашган Эрмитаж музейида сақланади.
Маскат шаҳридаги асосий диққатга сазовор жойларидан бири бўлган Султон Қобус масжиди ҳовлисидаги айвон деворларининг ички безакларида Темурийлар даври меъморчилигининг безак санъати намуналаридан фойдаланилган.
Масжид айвонида Темурийлар давлати ва меъморчилигига тавсиф берилган лавҳа ўрнатилган. Ушбу лавҳада ёзилишича, “Бу токча (ниш)лар, Темурийлар даврида гуллаб-яшнаган безаклар ва дизайнларнинг замонавий ифодасини акс эттиради. Бу дизайнлар 737–807 ҳижрий йиллар/1336–1405 милодий йиллар оралиғида Марказий Осиёнинг ҳукмдори Амир Темурга тегишли бўлиб, унинг даврига хосдир.
2016 йилда Соҳар шаҳрида барпо этилган Султон Қобус жоме масжиди ўзининг меъморий кўриниши билан бевосита Самарқанддаги машҳур Гўри Амир мақбарасининг меъморчилик услубига таяниб қурилган. Бинонинг баланд, қовурғали феруза рангли гумбази ва мураккаб кошинкорлик нақшлар ХIV–ХV асрлардаги Марказий Осиё меъморчилиги анъаналарини ёрқин акс эттиради.
1437–1469 йилларда Темурийлар саройида турли давлат лавозимларида ишлаган Абдураззоқ Самарқандий Темурийлар давлати билан Рум (Кичик Осиё), Миср, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг амалга оширилишида фаол иштирок этган.
Унинг ўз элчилик сафарлари ҳақида келтирган “Матлаи саъдайн ва мажмаи Баҳрайн” асарида Абдураззоқ Самарқандий 1442 йили Шоҳрух томонидан жанубий Ҳиндистонга юборилган элчиларга бошчилик қилганини ёзган. Элчилар 1442 йили 13 январда Ҳиротдан йўлга чиқиб май ойида Маскат соҳилига етиб келади ва кема носозлиги сабаб, Ўмон ҳудудларида 4 ой қолиб, сўнгра Ҳиндистонга йўл олади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси