Россия ОАВ: Тошкент халқаро инвестиция форуми Марказий Осиёнинг янги инвестиция меъморчилигини шакллантирмоқда

МОСКВА, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Россиянинг нуфузли “Посольская жизнь” нашрида “TIIF-2026: Марказий Осиёнинг янги инвестиция меъморчилигини шакллантириш” сарлавҳали таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Тошкент халқаро инвестиция форуми халқаро инвесторлар ва бизнес вакилларини бир майдонга жамлайдиган Марказий Осиёнинг асосий инвестициявий платформаси сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлади. Форум шунчаки мулоқот майдони эмас, балки минтақанинг амалий инвестиция кун тартиби белгиланадиган стратегик макон сифатида намоён бўлмоқда.
Россия нашрининг ёзишича, Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамияти нафақат унинг кенг кўлами, балки иштирокчилар учун амалий қиймати юқори эканлиги билан ҳам белгиланади.
Шунингдек, мақолада ТХИФ-2026 анжуманининг бошқа тадбирлардан ажралиб турувчи асосий хусусиятларидан бири сифатида унда иштирок этувчи делегацияларнинг даражаси ниҳоятда юқори эканлигига эътибор қаратилган. Бу омил бир маконда сиёсий, молиявий ва корпоратив капиталнинг ноёб концентрациясини таъминлайди.
Анжуманда Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари етакчилари, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама тараққиёт банклари раҳбарлари қатнашиши кутилмоқда.
“Посольская жизнь” нашри ўз шарҳи якунида бўлажак ТХИФ-2026 анжумани Ўзбекистоннинг глобал инвестиция меъморчилигидаги ролини янада мустаҳкамлаш ҳамда халқаро капитал бозорларига интеграциялашувини кенгайтириш йўлидаги навбатдаги муҳим босқич сифатида баҳолаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси