Logo

Будапештда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади

Февраль 23, 2026. 17:10 • 54 сония

183
Будапештда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади

БУДАПЕШТ, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Венгрия Фанлар академияси Этнология институти катта илмий ходими Давид Шомфай Кара билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Буюк давлат арбоби, саркарда ва илм-фан ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш доирасида 2026 йил давомида Будапешт шаҳрида венгриялик олимлар, тадқиқотчилар, тилшунос ва таржимонлар иштирокида туркум тадбирлар ўтказилиши масалалари муҳокама қилинди.

Венгриялик олим “Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан ривожи” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Учрашувда машҳур венгер шарқшуноси Арминий Вамбери ва унинг ўзбекистонлик замондоши Мулла Содиқ ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинаётгани маълум қилинди. Ижодий гуруҳ Бухоро, Хива ва Қўнғирот шаҳарларида экспедиция ўтказишни режалаштирган.

Учрашувда Давид Шомфай Каранинг ўзбек халқ бахшичилик санъати ва достонлари бўйича олиб борган илмий изланишларига алоҳида эътибор қаратилди. Олим томонидан ёзиб олинган нодир аудиоматериалларни 2026 йилда ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти кўмагида нашр этиш кўзда тутилмоқда.

Мулоқот якунида томонлар ўзбек-венгер илмий ва маданий ҳамкорлиги, жумладан, қўшма нашриёт, тадқиқот ва таълим лойиҳаларини янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш