Новосибирскда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди
Февраль 23, 2026. 19:43 • 4 дақ
• 65НОВОСИБИРСК, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари ташаббуси билан Марғилон шаҳридаги “Саид Жалолхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Юнусхон Мамарасуловнинг Новосибирск ва Кемерово шаҳарларига ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида ташкил этилган учрашувларда Юнусхон Мамарасулов халқимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган, инсонни эзгу амалларга ундайдиган ушбу ойликни муносиб ўтказиш мақсадида бу йил юртимизда кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.
Юртимизда маҳалла аҳли, жамоатчилик вакиллари уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кексалар ва ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларга эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказишга катта эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.
Имом-хатиб фуқароларимиз, айниқса, ёшларнинг асл исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган турли бузғунчи диний оқимларга кириб қолишига йўл қўймаслик масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Ўзбекистонда “Рамазон – меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик ва шукроналик ойи” шиори остида ишлаб чиқилган, эҳтиёжманд оилалар ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган шахсларга ёрдам кўрсатишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ҳақида гапирди.
Юнусхон Мамарасулов Новосибирск шаҳридаги “Мусулманский продукт”, “Западно-сибирская промишленная компания”, “Макс автосервис” каби корхоналар ҳамда “Азия-Сибир” улгуржи-тақсимот марказида меҳнат қилаётган 220 нафардан ортиқ юртдошларимиз билан ҳам учрашди. Юртдошларимизнинг меҳнат, турмуш ва яшаш шароитлари ўрганилди, фуқароларимиз истиқомат қилаётган хостеллар кўздан кечирилди.
Новосибирск вилояти муфтийси Абдулҳамид Шокиржонов билан бўлиб ўтган учрашувда экстремистик руҳдаги ғояларнинг кириб келишига йўл қўймаслик, Новосибирск ва вилоят мусулмон уммати томонидан соф Ислом арконларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, Ўзбекистон фуқароларининг минтақа ҳаётидаги иштироки каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Россия томони Ўзбекистондан етакчи имом-хатибларни масжидларда маърузалар ўқиш ва жума намозларини адо этиш учун таклиф этишни амалиётга жорий этиш муҳимлигини қайд этди.
Имом-хатиб Юнусхон Мамарасулов Новосибирск жоме масжидида жума намозида иштирок этди. Мазкур масжид Сибир федерал округи ҳудудидаги энг йирик масжид бўлиб, бу ерда 500 дан ортиқ киши, жумладан, кўплаб ватандошларимиз ҳам ибодатини адо этади.
Юртимиздан ташриф буюрган имом-хатиб ўз марузасида барча йиғилганларни муборак Рамазон ойи билан самимий муборакбод этиб, Рамазон ойининг эзгулик, меҳр-оқибат ва маънавий бирлик фасли эканига эътибор қаратди.
Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатда муқаддас ойни муносиб ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилганини, маҳаллаларда ободонлаштириш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ва хайрия тадбирларини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Кемерово шаҳрига ташриф доирасида имом-хатибнинг Сибирдаги энг йирик маданий мажмуа қурилишида ишлаётган ватандошлар билан учрашувлари бўлиб ўтди. У ерда ҳозирда икки ярим мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари фаолият юритмоқда.
Юртдошларимиз нафақат машаққатли меҳнатларига ўз вақтида ҳақ тўланаётгани, балки уларга яратилган шароитлар: уч маҳал бепул овқат, ётоқхона, тиббий суғурта, иш берувчи ҳисобидан барча зарур ҳужжатлар билан таъминланганидан мамнунлигини билдирди.
Бўлиб ўтган мулоқот чоғида ҳамюртларимиз Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси билан доимий алоқалари ва мунтазам равишда ўтказилаётган сайёр консуллик қабуллари туфайли миграция қонунчилигини бузиш ҳолатлари кузатилмаётганини таъкидлади.
Ўтказилган суҳбатлар давомида имом-хатиб йиғилганларга халқимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган, инсонни эзгу амалларга чорлайдиган ушбу ойликни муносиб ўтказиш учун бу йил ҳам Ўзбекистонда катта тайёргарлик ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Буларнинг барчаси инсонпарварлик тамойилларига асосланган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани айтилди.
Имом-хатиб Кемерово масжидига ҳам ташриф буюриб, у ерда муқаддас Рамазон ойида ўз фикр ва ғояларини пок сақлаш муҳимлиги ҳақида маъруза қилди.
“Саид Жалолхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Юнусхон Мамарасулов Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Новосибирск шаҳридаги “Осиё–Сибир” улгуржи-тақсимлаш марказида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар учун ташкил этилган ифторликда иштирок этди.
Ифторликда икки юздан ортиқ юртдошларимиз қатнашди. Имом-хатиб ўз нутқида Рамазон ойининг маънавий моҳиятини очиб берди, Қуръон сураларидан ўқиб, Исломнинг анъанавий қадриятларига содиқ қолиш муҳимлигини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси







