Logo

“Ҳиндистон юриши кундалиги” асари илк бор ўзбек тилида чоп этилди

Февраль 23, 2026. 18:59 • 3 дақ

36
“Ҳиндистон юриши кундалиги” асари илк бор ўзбек тилида чоп этилди
“Ҳиндистон юриши кундалиги” асари илк бор ўзбек тилида чоп этилди
“Ҳиндистон юриши кундалиги” асари илк бор ўзбек тилида чоп этилди
“Ҳиндистон юриши кундалиги” асари илк бор ўзбек тилида чоп этилди

ТОШКЕНТ, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида Халқаро Амир Темур жамоат фонди ташаббуси билан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тақдимотда кенг жамоатчилик вакиллари, олимлар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирнинг муҳим қисми – ўзбек тилига таржима қилинган “Ҳиндистон юриши кундалиги” асарининг китобхонлар эътиборига ҳавола этилгани бўлди

Ғиёсуддин Алини қаламига мансуб ушбу асар Амир Темур ҳаётлигида яратилган икки муҳим манбадан бири ҳисобланади. Иккинчиси — “Зафарнома” бўлиб, у Низомиддин Шомий томонидан ёзилган. Бироқ “Ҳиндистон юриши кундалиги” шу вақтгача ўзбек тилида эълон қилинмаган ва кенг жамоатчиликка маълум эмас эди.

Тарихий манбаларга кўра, 1398 йилда Амир Темур Ғиёсуддин Алини Ҳиндистон юришига бирга олиб кетиб, юриш воқеаларини ёзиб боришни топширган. Асар бевосита юриш жараёнида тўпланган маълумотлар асосида яратилгани билан қимматлидир. Соҳибқирон муаллифдан воқеаларни содда ва тушунарли тилда баён этишни талаб қилгани қайд этилади.

Шарқшунос олим Василий Бартольд 1902 йилда ушбу асар ҳақида илк бор маълумот берган ва уни тахминан 1402 йилда тугалланган деб таъкидлаган. Кейинчалик ушбу асар “Зафарнома”нинг ёзилишида муҳим манбалардан бири сифатида хизмат қилган.

Тадбир доирасида яна бир нашр – “Amir Temur's Legacy of Wisdom” (Амир Темурнинг ҳикматли мероси) ҳам тақдим этилди. Инглиз тилида чоп этилган мазкур тўпламда ўзбек олимларининг Амир Темур ва темурийлар даври тарихи бўйича илмий мақолалари жамланган.

Тадбир давомида сўзга чиққан мутахассислар мазкур нашрнинг илмий ва маънавий аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

“Ҳиндистон юриши кундалиги” каби манбалар бизга Амир Темур фаолиятини замондош нигоҳ билан кўришга замин яратади. Энг муҳими, асарнинг ўзбек тилида нашр этилиши ёш тадқиқотчиларга манба билан бевосита ишлаш имконини беради. Бу тақдимотнинг Темурийлар тарихи давлат музейида ўтказилиши ҳам рамзий аҳамиятга эга. Китобда ўқилган тарихий жараёнларни музей экспонатлари билан боғлаб кўриш ёшларда тарихга қизиқишни янада оширади. Мазкур китоблар Амир Темур меросини янада чуқурроқ ўрганиш, унинг давлатчилик ва маънавий қарашларини кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда”, - дейди Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев.

Тадбирда сўзга чиққан Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али мазкур нашрларни халқаро майдонда кенг тарғиб этиш режалари ҳақида ҳам маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Амир Темур меросини жаҳон илмий жамоатчилиги ва кенг хорижий аудиторияга етказиш мақсадида Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги элчихоналари билан ҳамкорликда тақдимотлар, илмий учрашувлар ва маърифий тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.

Бундай ишлар нафақат тарихий меросни тарғиб этиш, балки Амир Темурни давлатчилик, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида халқаро жамоатчиликка янада теранроқ танитишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ушбу нашрлар келгусида бошқа хорижий тилларга ҳам таржима қилиниб, дунё китобхонларига етказилиши кўзда тутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш