23 август куни Қозоғистонда янги бир палатали парламентга илк сайловлар бўлиб ўтади

Август 15, 2026. 14:30 • 3 дақ

111
23 август куни Қозоғистонда янги бир палатали парламентга илк сайловлар бўлиб ўтади

ОСТОНА, 15 август. /“Дунё” АА/. Қозоғистонда 23 август куни янги бир палатали парламент — Қурултой депутатлари сайлови бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Kazinform” халқаро ахборот агентлигига таяниб.

Сайловда 7 та сиёсий партия иштирок этиб, 145 та депутатлик мандати учун 545 нафар номзод илгари сурилган.

Мазкур сайлов мамлакатда давлат бошқарувининг янги тизими доирасида ўтказилмоқда. Қурултой депутатлари 5 йил муддатга ягона умуммиллий сайлов округи бўйича фақат партия рўйхатлари асосида сайланади. Овоз беришда сайловчилар 7 та сиёсий партиядан бирини танлайди, депутатлик мандатлари эса пропорционал тизим асосида тақсимланади.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, рўйхатдан ўтган номзодларнинг 172 нафари аёллар, 74 нафари 35 ёшгача бўлган ёшлар ва 19 нафари ногиронлиги бўлган шахслардан иборат. Номзодларнинг ўртача ёши 45,4 ёшни ташкил этади. Барча партияларнинг сайлов рўйхатларида аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий улуши 43,9 фоизга етган.

Сайловчиларнинг овоз беришдаги иштирокига қизиқиш ҳам юқори экани қайд этилмоқда. Олмаота шаҳридаги экспертлар платформасида тақдим этилган ижтимоий тадқиқот натижаларига кўра, сўровда қатнашганларнинг 72–75 фоизи сайловда иштирок этиш ниятида эканини билдирган. Бўлажак сайловдан хабардорлик даражаси 89,4 фоизни ташкил этган. Овоз беришда энг фаол иштирок этиш истагини 46–60 ёшдаги фуқаролар билдирган бўлса, аёлларнинг сайловда қатнашишга тайёрлиги эркакларга нисбатан қарийб 5 фоиз банд юқори бўлган.

Шунингдек ўқинг

Жорий сайлов кампаниясининг яна бир муҳим жиҳати рақамли технологиялардан фаол фойдаланилаётгани билан боғлиқ. Қозоғистон Парламенти Мажилисининг собиқ депутати, таҳлилчи Ерлан Смайловнинг сўзларига кўра, рақамлаштириш ва сунъий интеллект масалалари сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларида ўз аксини топган. Унинг қайд этишича, партиялар сунъий интеллектни, жумладан, давлат бошқаруви, ижтимоий хизматлар, рақамли суверенитет ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан кўриб чиқмоқда.

Сайловга тайёргарлик жараёни Президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров билан учрашувида муҳокама қилинди. Давлат раҳбарига овоз бериш жараёнига тайёргарликнинг бориши юзасидан ахборот берилди. Қозоғистон Президенти сайловларни “Қонун ва тартиб” тамойили асосида ўтказиш, жараённинг шаффофлигини таъминлаш ва барча иштирокчилар учун тенг шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Шу тариқа, 23 август куни бўлиб ўтадиган сайлов натижасида Қозоғистон тарихида илк бор 145 ўринли бир палатали Қурултой шакллантирилади. Янги парламент ягона қонун чиқарувчи орган сифатида сиёсий партиялар вакилларидан иборат бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш