Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг йиғилиши ўтказилди
Август 15, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 53
ТОШКЕНТ, 15 август. /«Дунё» АА/. Сенатда жорий йилнинг 13 август куни “Ўзбекистон–Туркия” ва “Туркия–Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Олий Мажлис юқори палатаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, унда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Йиғилишда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ишончга асосланган ўзаро муносабатлари натижасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани алоҳида таъкидланди.
Сўнгги йилларда парламентлараро мулоқот ва ўзаро ташрифлар изчил фаоллашиб бораётгани қайд этилди. Шунингдек, жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида имзоланган 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” ижросини таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Хусусан, қўшма тадбирлар ва ташрифларни ташкил этиш, қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш, халқаро парламент ташкилотлари доирасида ўзаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, саноат кооперацияси, транспорт-транзит, таълим, туризм ҳамда маданий-гуманитар йўналишлардаги лойиҳаларни қонунчилик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир якунида олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш, Туркия Буюк миллат мажлиси раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган XII глобал ёш парламент аъзолари конференциясида туркиялик ёш парламент аъзолари иштирокини таъминлашга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси