Logo

Акрамжон Неъматов: Марказий Осиё тобора ўзини ўтмиши, бугуни ва келажаги ягона бўлган маконнинг ажралмас қисми сифатида ҳис этмоқда

Сентябрь 19, 2025. 10:47 • 3 дақ

351
Акрамжон Неъматов: Марказий Осиё тобора ўзини ўтмиши, бугуни ва келажаги ягона бўлган маконнинг ажралмас қисми сифатида ҳис этмоқда

БИШКЕК, 19 сентябрь. /"Дунё" АА/. "Марказий Осиё ўз ўзлигини яратиши ва уни тўғри йўналтириши керак", – деди Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов 2025 йилнинг 16-19 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрида ўтказилган "Ынтымак" ҳафталигидаги асосий маърузасида, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Қирғизистон ҳукумати, нодавлат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг юқори даражадаги вакиллари иштирок этди. Шунингдек, иштирокчилар орасида дипломатик миссиялар раҳбарлари, турли халқаро тузилмалар, жумладан, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, ФАО, "БМТ-Аёллар", ХМТ, ЕХҲТ, Мартти Ахтисаари номидаги тинчлик жамғармаси раҳбарлари ва экспертлари бор эди.

Акрамжон Неъматовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ҳақиқий ишончга асосланган бўлиб, ўзаро манфаатли ечимларни биргаликда излаш икки томонлама мулоқотнинг императивига айланди. Шу билан бирга, экспертнинг таъкидлашича, ушбу мулоқот узлуксиз, кенг қамровли ва кўп даражали характерга эга. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари мунтазам учрашиб турибди, тегишли вазирлик ва идоралар фаол ҳамкорлик қилмоқда, парламентлараро алоқалар сезиларли даражада фаоллашган.

СМТИ вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик анъанавий дипломатия доирасидан чиқиб, минтақавий интеграция моделига айланмоқда."Биз фақат ўзаро савдо билан чекланиб қолмаяпмиз, балки ҳамкорликни ишлаб чиқариш ва технологик кооперация даражасига олиб чиқишга интиламиз. Тўқимачилик, фармацевтика, автомобиль ишлаб чиқариш бўйича қўшма заводлар ишга туширилди, қуёш станциялари қурилмоқда", – деди у.

Экспертнинг фикрича, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тарихи бутун Марказий Осиёдаги ижобий жараёнларнинг кўзгудаги аксидир. Бугун минтақа мисли кўрилмаган даражадаги жипслашувни намойиш этмоқда, Ўзбекистон ва Қирғизистон қисқа муддатда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини йўлга қўйди.

Шу маънода Акрамжон Неъматов қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг сўзларини келтирди: "Тарихий умумийлик, тиллар ўхшашлиги, умумий анъаналар, урф-одатларнинг мавжудлиги бизга бирлашиш ва янги дунё, ягона цивилизация ҳамжамиятини қуриш учун чексиз имкониятлар беради". Экспертнинг фикрича, айнан бугун бу сўзлар янада кучлироқ янграмоқда, чунки Марказий Осиё Чингиз Айтматов орзу қилган йўлдан кетиб, ўз келажагини бирдамлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида қурмоқда.

СМТИ вакили таъкидлаганидек, "минтақа аҳолиси ўзини тобора ўтмиши, бугуни ва келажаги ягона бўлган маконнинг ажралмас қисми сифатида ҳис этмоқда. Айнан мулоқотга содиқлик, маданиятлараро хилма-хилликни ҳурмат қилиш ва тинчликни мустаҳкамлаш асосида Марказий Осиёнинг ўзига хослиги шаклланади. Аслида, бу бизнинг маданий-цивилизациявий кодимизнинг бир қисмидир".

"Ва айнан шу тамойилларга таянган ҳолда, "Ынтымак" ғояси асосида Марказий Осиё ўз ўзлигини яратиши ва уни тўғри йўналтириши керак. Агар биз буни қилмасак, буни биз учун қилишади – лекин бизнинг манфаатларимизни ҳисобга олмаган ҳолда", – дея таъкидлади Акрамжон Неъматов.

Эксперт сўзларини давом эттириб, шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Фарғона тинчлик форумини ўтказишини таъкидлади. Бу форум ҳозирги "Ынтымак" ҳафталиги билан бирлаштирилади ва бу Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашда ягона ёндашувларга эга эканлигининг рамзи бўлади. "Биз учун айниқса муҳим жиҳат шундаки, форум айнан асрлар давомида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон халқларининг тақдирлари туташган жойда Фарғона водийсида бўлади", – деди у.

СМТИ вакили таъкидлаганидек, Фарғона форуми нафақат муҳокама қилинадиган, балки минтақа келажагини шакллантирадиган доимий платформага айланади. "Биз Форум бутун дунёда эслатма сифатида янграшини истаймиз: Марказий Осиё мамлакатлари ўтмишда бизни ажратиб турган тўсиқларни босқичма-босқич олиб ташламоқда. Биз бу йўлда тўхтаб қолмаймиз – халқларимиз дўстлигини асраб-авайлаймиз ва келажак авлодларга етказамиз", – деди эксперт.

Акрамжон Неъматов ўз нутқини якунлар экан, тинчликни мустаҳкамлаш кундалик меҳнат экани, бунда мулоқот танлов эмас, балки ҳаётий заруратлигини таъкидлади. "Бу борада "Ынтымак" қадриятларининг асосий ташувчисига айланиши керак бўлган ёшларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу тадбир Марказий Осиё фақат тинчлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик билан уйғунлашган келажак сари қўйилган яна бир қадам бўлишини истайман", – деди у.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш