Logo

Ашхободда "Ўзбекистон-Туркманистон: стратегик шерикликнинг янги истиқболлари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Октябрь 11, 2025. 13:42 • 2 дақ

99
Ашхободда "Ўзбекистон-Туркманистон: стратегик шерикликнинг янги истиқболлари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

АШХОБОД, 11 октябрь. /"Дунё" АА/. Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро муносабатлар институтида "Ўзбекистон–Туркманистон: стратегик шерикликнинг янги истиқболлари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Марказий Осиё халқаро институти ва Туркманистон Стратегик тадқиқотлар илмий маркази экспертлари, Халқаро муносабатлар институти профессор-ўқитувчилари ҳамда транспорт, логистика, туризм соҳаси вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбати давомида Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда икки қардош давлат ўртасидаги азалий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганлиги таъкидланиб, стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама этилди.

Жумладан, икки томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни кенгайтириш, савдо ва инвестициялар ҳажмларини ошириш, транспорт-логистика, энергетика, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, илм-фан, таълим ва бошқа устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича фикрлар алмашилди.

Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар давра суҳбати давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган таклифлар ва истиқболли лойиҳалар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шерикликни ҳамда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ташаббус ва ғояларни илмий ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирдилар.

Давра суҳбатидан сўнг, Марказий Осиё халқаро институти делегацияси Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро муносабатлар институти ва Стратегик тадқиқотлар илмий маркази раҳбарияти билан алоҳида учрашувлар ўтказди. Учрашувларда ўзаро илмий-тадқиқот фаолияти, қўшма анжуманлар ташкил этиш ва бошқа ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича амалий масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, мамлакатимиз вакиллари Ашхобод шаҳрида жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказига ташриф буюрди. Суҳбат чоғида минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш йўналишидаги қўшма лойиҳалар муҳокама этилиб, минтақавий ташаббусларни амалга оширишда БМТнинг муҳим аҳамияти таъкидланди.

Шу куни Марказий Осиё халқаро институти делегациясининг Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ахмет Гурбанов билан ҳам учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот давомида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шу жумладан жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳатлашув учрашувига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан фикрлар алмашилди.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш