Logo

Қозоғистонда ўтказилган референдумда фуқароларининг аксарияти янги Конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлади

Март 16, 2026. 10:52 • 2 дақ

190
Қозоғистонда ўтказилган референдумда фуқароларининг аксарияти янги Конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлади

ОСТОНА, 16 март. /“Дунё” АА/. 15 март куни Қозоғистонда мамлакатнинг янги Конституцияси лойиҳаси бўйича республика референдумига овоз бериш жараёни бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Kazinform” АА таяниб.

Қозоқ агентлигининг ёзишича, турли хил экзит-сўровларга кўра, фуқароларнинг аксарияти асосий қонуннинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган.

Евроосиё интеграция институти маълумотига кўра, сўровномада мамлакат бўйлаб 200 та сайлов участкасида 30 мингга яқин киши иштирок этган. Экзит-полл натижаларига кўра, давомат 75,3 фоизни ташкил этди, сўралганларнинг 86,7 фоизи янги Конституция лойиҳасини қабул қилиш учун овоз берди.

Комплекс ижтимоий тадқиқотлар институти ­– Остона “Социс-А” ҳам ўз натижаларини тақдим этди. Ташкилот маълумотларига кўра, сўровда қатнашган фуқароларнинг 87,4 фоизи янги асосий қонунни қўллаб-қувватлаган. Участкаларда давомат, уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 73,8% ни ташкил этди.

Жамоатчилик сиёсати институтининг маълум қилишича, сўровномага 400 дан ортиқ интервьюер ва супервайзерлар жалб қилинган. Экзит-поллда 200 та сайлов участкасида 24 минг нафар фуқаро иштирок этди. Тадқиқот натижаларига кўра, референдумда иштирок этганлар 72,1 фоизни ташкил этди, сўров иштирокчиларининг 88,6 фоизи янги Конституцияни қабул қилиш тарафдори эканини билдирди.

Шунингдек ўқинг

Энг юқори давомат Қизилўрда вилоятида қайд этилди – 93,04 фоиз. Сайловчиларнинг энг паст фаоллиги Олмаотада қайд этилган – 33,43 фоиз. Мамлакат пойтахти Остонада давомат 60,36 фоизни ташкил қилган.

Янги Конституция лойиҳаси Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Ҳужжат давлат бошқаруви тизимида бир қатор ўзгаришларни назарда тутади. Хусусан, икки палатали парламентни тугатиб, унинг ўрнига бир палатали орган – Қурултойни жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, президентга бош прокурор, Конституциявий ва Олий суд, Миллий банк раислари ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарини якка тартибда тайинлаш ҳуқуқини бериш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, бир палатали парламент розилиги билан президент томонидан тайинланадиган вице-президент лавозимини жорий этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, агар ушбу қонун чиқарувчи орган вице-президент, бош вазир ва парламент спикери лавозимларига таклиф этилган номзодларни икки марта маъқулламаса, давлат раҳбари Қурултойни тарқатиб юбориши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш