Logo

Янги Марказий Осиё: тўсиқларни бартараф этиб, алоқа йўлакларини яратиш сари

Октябрь 20, 2025. 18:26 • 3 дақ

213
	Янги Марказий Осиё: тўсиқларни бартараф этиб, алоқа йўлакларини яратиш сари

ОСТОНА, 21 октябрь. /"Дунё" АА/. Қозоғистон пойтахтида "Қутблашувдан ҳамкорлик сари: халқаро тизимда ишончни тиклаш" мавзусида таҳлилий марказларнинг Остона форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган тадбирда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 300 дан зиёд экспертлар иштирок этди.

Форум иштирокчилари Марказий Осиёда ишонч ва сиёсий мулоқотга асосланган давлатлараро ҳамкорликнинг ноёб модели шаклланаётганини таъкидладилар. Бунда 2018 йилда ўз ишини бошлаган Давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим роль ўйнади. 2024 йил август ойида "Марказий Осиё – 2040" концепцияси ва 2025-2027 йилларга мўлжалланган йўл харитасининг қабул қилиниши ҳамкорликни ривожлантиришда янги қадам бўлди.

Минтақа мамлакатларининг сиёсий жиҳатдан яқинлашуви аллақачон сезиларли иқтисодий натижаларни олиб келди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори ўринбосари Бахтиёр Мустафаевнинг таъкидлашича, 2016 йилдан буён Марказий Осиёнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 80 фоиздан ортиқ ўсди ва 2024 йил якунига кўра 500 миллиард долларга яқинлашди. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари анъанавий савдодан саноат кооперацияси, қўшма инвестиция лойиҳалари ва янги ишлаб чиқариш занжирларини яратишга ўтмоқда.

Логистик берклик ҳолатига жавобан ягона бозор ва транспорт йўлакларини яратиш

Форумнинг асосий мавзуларидан бири Марказий Осиёнинг транспорт изоляцияси бўлди. Бахтиёр Мустафаев товарлар қийматида логистика харажатларининг улуши 50 фоизгача етаётгани, бу жаҳон ўртача кўрсаткичидан 5 баравар юқори экани ва экспорт салоҳиятини жиддий равишда чеклаётганини таъкидлади.

Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида мутахассислар товарлар, хизматлар, сармоя ва ишчи кучи эркин ҳаракатланиши учун "тўсиқсиз" муҳит яратилган ягона минтақавий бозорни ташкил этиш ғоясини маъқулладилар. Инфратузилмани ривожлантиришга, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларига Ҳинд океани портларига энг қисқа йўл очиб берадиган Трансафғон транспорт йўлагини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Хавфсизлик, иқлим ва демография: муаммолардан ҳамкорликдаги ечимларгача

Мутахассислар минтақа барқарорлигига таҳдид солувчи бошқа долзарб муаммоларни ҳам муҳокама қилдилар. Геосиёсий беқарорлик шароитида Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёни зарарли рақобатдан холи ҳудуд сифатида сақлаб қолишга қаратилган Минтақавий хавфсизлик концепциясини ишлаб чиқиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Иқлим ва сув-энергетика кун тартиби ҳам муҳим мавзуга айланди. Сўнгги ўн йилликларда музликлар майдони 30 фоизга қисқаргани ва кутилаётган сув ресурслари камайиши фонида иштирокчилар ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқишга чақирдилар.

Демографик ўсишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2050 йилга келиб, минтақа аҳолиси 100 миллион кишидан ошиши кутилмоқда. "Ёш ва кўпайиб бораётган аҳоли иқтисодиётнинг кучли ҳаракатлантирувчи кучига айланиши мумкин. Биз демографик чақириқни демографик имкониятга айлантирмоғимиз лозим", – деб таъкидлади Бахтиёр Мустафаев.

Остона форуми Марказий Осиёдаги ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги амалий қадамга айланди. Экспертлар ҳамжамияти нафақат мавжуд муаммоларни аниқлаб берди, балки минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашнинг аниқ механизмларини ҳам таклиф этди. Улар муаммоларни муҳокама қилишдан уларни биргаликда ҳал этишга ўтиш учун аниқ йўл харитасини белгилаб бердилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш