Ўзбекистон аграр соҳасига япон агроинновациялари жорий этилмоқда
Ноябрь 25, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 14ТОКИО, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Япония пойтахтида “Ўзбекистонда барқарор инновациялар учун халқаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси кўмагида Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети ҳамда JCSRI (Барқарор ривожланиш соҳасида тадқиқотлар ва уларни амалиётга жорий этиш бўйича Ғарбий Токио қўшма маркази) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг таълим, илм-фан ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.
Симпозиумда озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирнинг асосий мавзуларидан бири ўзбек хурмосини япон технологиялари асосида қайта ишлаш лойиҳаси бўлди. Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети ҳамда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар университети ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу ташаббус маҳаллий фермерлар учун қўшимча даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.
2023 йилдан буён амалга оширилаётган лойиҳа доирасида 100 нафардан ортиқ фермер жалб этилган. Япон технологиялари асосида хурмони қайта ишлаш натижасида маҳсулот нархи сезиларли ошган.
Келгусида лойиҳани Сурхондарё, Фарғона ва бошқа ҳудудларда ҳам йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва фермерларнинг касбий кўникмаларини ошириш режалаштирилган. Шунингдек, япон мутахассислари билан ҳамкорликда узумнинг уруғсиз навларини етиштириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Симпозиум давомида ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Япония бозорига экспорт қилиш, илғор агротехнологияларни жорий этиш, илмий-академик алмашинувларни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Мазкур ташаббуслар Япония тажрибаси ва замонавий технологияларини Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига татбиқ этиш, маҳаллий маҳсулотлар қийматини ошириш ҳамда қишлоқ аҳолиси фаровонлигини юксалтириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

