Logo

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида олий таълим ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Октябрь 14, 2025. 19:48 • 2 дақ

184
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида олий таълим ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

АШХОБОД, 14 октябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 10-12 октябрь кунлари Ашхобод шаҳрида соғлиқни сақлаш, таълим ва спорт соҳаларига бағишланган халқаро кўргазма ва илмий конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда кўплаб мамлакатлардан ташриф буюрган таълим ва илмий муассасалар, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва спорт соҳаси мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистондан мазкур анжуманда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Марказий Осиё тиббиёт университети, Марказий Осиё халқаро институти ҳамда Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти вакилларидан иборат делегация қатнашди.

Ўзбекистон вакиллари анжуманда маърузалар билан фаол иштирок этиб, инновацион таълим тизимини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва спорт орқали интеграцияни кучайтириш масалалари юзасидан долзарб таклифларни илгари сурдилар. Шу билан бирга, тадбир доирасида Ўзбекистон олий таълим ва илмий муассасаларининг ривожланиши ҳамда уларнинг салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон таълим ва илмий муассасалари вакиллари туркманистонлик ҳамкасблари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Якунда қўшма ўқув дастурларини жорий этиш, ўқитувчи-талабалар алмашинувини жадаллаштириш, биргаликда илмий тадқиқотлар ва халқаро анжуманлар ташкил этиш, спорт соҳаси мутахассислари малакасини ошириш, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, айниқса ёшлар учун спорт билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида келишувларга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш