Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси 100 миллион доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳаларни амалга оширди
Июль 29, 2026. 11:50 • 2 дақ
• 195
БИШКЕК, 29 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси тўрт йиллик фаолияти давомида иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган 37 та лойиҳани маъқуллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қирғизистоннинг “Кабар” миллий ахборот агентлиги ёзишича, молиялаштирилган лойиҳалар қаторидан энергетика, транспорт, ижтимоий соҳадаги ташаббуслар, тикувчилик корхоналарини молиялаштириш, Ўзбекистондан ва бошқа мамлакатлардан Қирғизистонга техника ҳамда бутловчи қисмлар етказиб бериш ўрин олган.
“37 та лойиҳадан 9 таси муваффақиятли якунланди. Биз уларни тўлиқ ниҳоясига етказдик: компаниялар бизга кредитнинг бутун миқдорини тўлаб, ўз лойиҳаларини амалга оширди”, – дея таъкидлади Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси бошқаруви раиси Азиз Аалиев Бишкекда бўлиб ўтган бизнес-форумида.
Айни пайтда жамғарма умумий қиймати қарийб 100 миллион долларлик яна 11 та янги лойиҳа устида ишламоқда.
“Ўзбекистон–Қирғизистон жамғармасининг вазифаси – икки мамлакат бизнесини бирлаштириш, ўзаро манфаатли экспорт-импорт лойиҳаларини топиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат”, – деди у.
Шу билан бирга, Алмаз Аалиев жамғарма миллий валюталар ҳисобидан молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришни режалаштираётганини маълум қилди.
“Ҳозирги вақтда биз долларда молиялаштиряпмиз, бироқ яқинда миллий валютада ҳам молиялаштириш бошланишига розилик олдик. Бу тадбиркорларимиз учун қулай имконият. Чунки долларда доим валюта хатари мавжуд”, – деди Азиз Аалиев. У, шунингдек, ташкилот ислом тамойиллари асосида кредитлашни жорий этишга ўтаётганини ҳам маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси