Абдул Акбар: Ўзбек тилини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини ошириш келажак авлодлар учун муҳим аҳамият касб этади
Октябрь 19, 2026. 08:55 • 3 дақ
• 204
ИСЛОМОБОД, 19 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистон Бош вазири Офиси Матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Абдул Акбар “Дунё” ААга берган интервьюсида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон халқини табриклади:
– 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистоннинг биродар халқига энг эзгу тилакларимни йўллайман.
Покистон ва Ўзбекистон халқларини муштарак эътиқодимиз, бой тарихий меросимиз, умумий маънавий қадриятларимиз ҳамда асрлар давомида шаклланган маданий ва цивилизацион алоқаларимизга асосланган мустаҳкам биродарлик ришталари боғлаб туради. Чуқур тарихий илдизларга, бой адабий анъаналарга ва юксак маънавий меросга эга бўлган ўзбек тили нафақат Ўзбекистон халқининг миллий ифтихори, балки унинг тарихи, маданияти, маънавияти ва миллий ўзлигини мужассам этган бебаҳо бойликдир. Ўзбек тилининг равнақи ва халқаро миқёсдаги нуфузининг ортиб бориши ўзбек халқининг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Покистон ва Ўзбекистон халқларини нафақат тарихий ва маънавий муштараклик, балки тинчлик, барқарорлик, тараққиёт ва минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган эзгу мақсадлар ҳам бирлаштириб туради. Ўзаро ҳурмат, ишонч ва биродарлик тамойилларига асосланган муносабатларимиз икки мамлакат ўртасидаги дўстликнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Ишончим комилки, Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп асрлик тарихий ришталар ва кўп йиллик самарали ҳамкорлик келгусида ҳам изчил ривожланиб, савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициялар, транспорт ва транзит, маданий-гуманитар ҳамкорлик, таълим, туризм ҳамда халқ дипломатияси каби устувор йўналишларда янги имкониятлар эшигини очади. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар ва ўзаро ташрифлар эса стратегик шериклигимизни янада мустаҳкамлаш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни чуқурлаштириш борасидаги қатъий сиёсий ироданинг ёрқин ифодасидир.
Ушбу қутлуғ сана ўзбек тилининг жаҳон миқёсидаги нуфузини янада юксалтириш, халқларимиз ўртасидаги маданий алмашинувни кенгайтириш ва муштарак маънавий қадриятларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилсин. Энг муҳими, бу байрам Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги биродарлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик, кенг қамровли ҳамкорлик ва муштарак фаровонликка асосланган порлоқ келажакни биргаликда барпо этиш йўлида барчамизни янги марралар сари руҳлантирсин.
Ўзбекистон халқининг тинчлиги, фаровонлиги ва равнақига, ўзбек тилининг абадий барҳаётлиги ва янада юксакларга парвоз этишига тилакдошман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси