Александр Квасьневский: Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йилликдаги ислоҳотлари келажак учун мустаҳкам пойдевордир
Сентябрь 19, 2026. 09:10 • 8 дақ
• 239
ВАРШАВА, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. Польшанинг собиқ Президенти, “Amicus Europae” жамғармаси асосчиси ва бошқарув кенгаши раиси Александр Квасьневский Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йилликдаги кенг кўламли ислоҳотлари, натижалари ва ютуқлари ҳақида “Дунё” ахборот агентлигига интервью бериб, мамлакатимиз халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади.
– Бу йил Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар бошланганига 10 йил бўлди. Ушбу давр мобайнида амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқларни қандай баҳолайсиз?
– Мамлакатингизда рўй берган ўзгаришлар ҳар қандай кишида катта таассурот қолдиради. Ислоҳотлар кенг кўламда амалга оширилмоқда. Энг муҳими, бундай саъй-ҳаракатлар геосиёсий вазият нуқтаи назаридан осон бўлмаган даврда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шундай мураккаб вазиятга қарамай, Президентингиз ва халқингизнинг ислоҳотларни изчил давом эттириш борасидаги қатъияти юксак ҳурматга сазовор.
Янги Ўзбекистон янги Конституцияга эга бўлгани жуда муҳим воқеа бўлди. Бу кўплаб ислоҳот ва лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади. Менимча, янги Конституция жамият фаоллигини оширади, фуқароларга ўз ҳаёти ва мамлакат иқтисодий фаолиятига янада кўпроқ таъсир кўрсатиш имконини беради.
Ўзбекистон бугунги жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамай, оқилона ва мувозанатли ташқи сиёсат юритмоқда. Хусусан, Россия ва Хитой билан яхши алоқалар йўлга қўйилган, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар билан муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиёда фаол сиёсат юритмоқда ва минтақада барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга катта ҳисса қўшаётган етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон айни пайтда ўзининг энг катта имкониятларидан бири – ёш авлод салоҳиятини тўғри йўналтириш ва улардан самарали фойдаланишга жиддий эътибор қаратмоқда.
Ўзбек жамияти жаҳондаги энг ёш жамиятлардан биридир. Бироқ ёшларнинг ўзига хос эҳтиёжлари мавжуд. Бу – сифатли таълим, мактаблар, иш ўринлари, уй-жой, оила ва фарзандлар билан боғлиқ масалалардир. Табиийки, буларнинг барчаси жуда кенг кўламдаги вазифаларни қамраб олади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбариятининг бу борадаги сиёсати жуда фаол эканини кўриб турибман. Бугун ёшлар мамлакатингизнинг энг катта капитали ҳисобланади.
– Сизнингча, охирги ўн йилликдаги изчил ўзгаришлар халқаро ҳамжамият, инвесторлар ва хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини қай даражада оширмоқда?
– Ўзбекистонда бўлиб ўтган қатор иқтисодий форумларда иштирок этдим. У ерда билдирилган фикрлар ва муҳокамалар жуда муҳим. Чунки бирор мамлакатга нисбатан ишонч шаклланиши учун, аввало, у давлат самарали бошқарилаётгани, хавфсиз экани, ўз мажбуриятларини бажариши ва ҳуқуқий тизимнинг доимий равишда ўзгариб турмаслигига ишонч бўлиши керак. Ана ўшанда тадбиркор ёки инвестор ўз фаолиятини узоқ муддатга режалаштириши мумкин.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа йўналишларида ҳам катта салоҳиятга эга. Мамлакатда етиштирилаётган мева ва сабзавотлар дунёдаги энг сархил ва сифатли маҳсулотлар қаторига киради.
Бугунги замонавий жаҳон иқтисодиётини белгилаб бераётган соҳаларда мамлакатингизнинг фаоллиги ҳам жуда муҳим. Хусусан, рақамли технологиялар, “яшил” иқтисодиёт ва экологик муаммоларга эътибор қаратиш лозим.
Мен анчадан бери кузатиб келаётган яна бир муҳим йўналиш – туризм ва сайёҳлик инфратузилмасининг жадал ривожланиб бораётганидир. Юртингизда сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда, бунда халқаро авиақатновларнинг ҳам аҳамияти жуда катта. Варшавадан Тошкентга тўғридан-тўғри рейс мавжудлигидан хурсандмиз, мазкур имкониятлар туризмни ривожлантириш билан бирга, халқларнинг бир-бирини яхшироқ англашига ҳам катта ҳисса қўшади.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг жамоаси амалга ошираётган ишлар Ўзбекистоннинг танланган йўлда қатъий ва собит эканини намоён этмоқда.
– Ўзбекистон барқарор ривожланиш, “яшил” иқтисодиёт, рақамли трансформация, илм-фан, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш борасида ташаббусларни фаол илгари сурмоқда. Айтингчи, ушбу йўналишларда ислоҳотларни амалга ошириш қанчалик муҳим?
– Бугун рақамли технологиялар билан боғлиқ барча таклиф ва ташаббуслар, сунъий интеллект ва бошқа замонавий йўналишларга жавоб бера олиш учун сифатли ва замонавий таълимга эга бўлиш зарур. Бу борада кўплаб ўзбек ёшларининг хорижда таҳсил олиб, энг сўнгги илғор тажрибаларни ўзлаштираётгани муҳим аҳамият касб этади. Айнан шундай ёшлар мамлакатнинг янада тараққий топишида асосий таянч ҳисобланади.
Фикримча, Ўзбекистонда бунинг учун зарур шарт-шароитлар мавжуд. Агар “яшил” иқтисодиёт ҳақида гапирадиган бўлсак, қуёшли юртингизда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар анча кўп. Шунинг учун қуёш энергетикаси, фотоэлектрик технологиялар ва бошқа яшил энергетика йўналишларига жиддий эътибор қаратиш керак.
Бошқа томондан, Ўзбекистонда сув ресурслари билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Бу ерда ҳам ерларни янада самарали суғориш ва мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини берадиган ечимларни топиш зарур.
Шу билан бирга, сув ресурсларини тўплаш, бошқариш ва тақсимлаш масалалари бўйича қўшни давлатлар билан келишган ҳолда ҳаракат қилиш лозим. Сув низолар манбаи эмас, балки одамлар ҳаётини яхшилашга хизмат қиладиган умумий ресурс бўлиши керак.
Мамлакатингизга қилган сафарларим давомида халқингизнинг меҳнаткашлиги ва тадбиркорлиги менда катта таассурот қолдирган. Одамлар таваккал қилишдан қўрқмайди, кичик бўлса-да, ўз бизнеси ёки ишлаб чиқариши бўйича ишбилармонлик қилишга интилади. Албатта, кичик бизнес йўналишини ривожлантириш халқни ва мамлакатни бой қилади.
Польша тажрибасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида кичик ва ўрта корхоналар муҳим ўрин тутган. Шу боис, ҳар қандай турдаги ишлаб чиқариш ёки тадбиркорлик лойиҳасидан чўчимаслик керак.
– Ўзбекистон сўнгги ўн йиллик давомида халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга қатор ташаббусларни илгари сурди. Сизнингча, ушбу ташаббуслар халқаро ҳамжамият учун қанчалик аҳамиятга эга?
– Мен Марказий Осиёга оид бундай ташаббусларни жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Ҳозирги кунда дунё аввалгига нисбатан анча беқарор. Ана шундай шароитда Ўзбекистоннинг ҳамкорликка интилиши ва мураккаб масалалар бўйича келишувларга эриша олиш қобилияти туфайли Марказий Осиёнинг барқарор минтақа бўлиб қолаётгани ниҳоятда муҳим.
Бу айниқса муҳим, чунки биз Афғонистон билан бевосита чегарадош бўлган йирик ва мураккаб минтақа ҳақида сўз юритмоқдамиз. Ўзбекистон амалга ошираётган ишларни доим юқори баҳолаб келганман. Мамлакатнинг Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги бошқа қўшни давлатлар билан яхши муносабатларини ҳам алоҳида қадрлайман. Шунингдек, Ўзбекистоннинг мувозанатли ва барқарор ташқи сиёсати ҳам тўғри йўналишда, деб ҳисоблайман. Чунки сиз барча муҳим глобал акторлар билан муносабатларни мустаҳкамлашга интилаяпсиз ва бу – оқилона сиёсат.
Россия, Хитой ва АҚШ расмий Тошкент учун муҳим ҳамкор. Европа Иттифоқи билан имзоланган келишувлар ҳам жуда аҳамиятли. Шу боис, мувозанатли, барқарор ва узоқ муддатли ташқи сиёсат ҳақида тўхталганда, юртингизнинг тўғри қадамлар ташлаётганини алоҳида таъкидлаш керак.
– Сизнингча, Ўзбекистоннинг изчил ислоҳотлар тажрибаси қайси жиҳатлари бошқа давлатлар учун қизиқиш уйғотиши мумкин?
– Аввало, ислоҳотларни бошлашдан чўчимаслик зарур. Чунки кўп ҳолларда асосий муаммо – сиёсатчиларда “Ислоҳотларни бошласак, натижаси қандай бўлади?” деган хавотир уйғонади. Мавжуд қийинчиликларни тўғри англаш зарур ва қувонарлиси, Ўзбекистон худди шундай йўлни тутмоқда.
Ёш жамиятда иш ўринларини кўпайтириш ва сифатли таълимга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу йўналишда олдинга ҳаракат қилиш керак. Дунё ва жаҳон иқтисодиёти ўзгармоқда. Шунинг учун замонавий тармоқларни тараққий эттириш зарур.
Экологик ва рақамли ечимларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини янада рақобатбардош ва юқори қўшилган қийматга эга шаклга ўтказиш замон талабига айланган. Аввал ҳам айтганимдек, инсонлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш керак. Яъни, кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш зарур – бу бугунги куннинг энг муҳим талабидир.
Ислоҳотлар самарадорлигини оширишда бюрократияни қисқартириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки бюрократия мамлакат олдида турган муаммоларни бартараф этишда асосий тўсиқ бўлиши мумкин.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар тажрибасидан кўплаб ижобий мисолларни олиш мумкин. Албатта, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос хусусиятлари борлигини ҳам унутмаслик лозим. Бир мамлакат тажрибасини бошқа мамлакатга кўчириш кутилган натижани бермаслиги мумкин.
Бироқ тан олиш керак, бугунги Ўзбекистон ўзига хос лабораториядир. Уни кузатиш, ундан ўрганиш, мамлакатга келиш ва ижобий тажрибалардан унумли фойдаланиш зарур.
– Сўнгги йилларда Польша компанияларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши сезиларли даражада ошганини кузатмоқдамиз. Бу, айниқса, энергетика, саноат, инфратузилма ва замонавий технологиялар каби соҳаларда яққол намоён бўлмоқда. Сизнингча, ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг қайси соҳаларида ҳали тўлиқ ишга солинмаган имкониятлар мавжуд?
– Дарҳақиқат, икки томонлама муносабатлар охирги пайтларда анча муваффақиятли кечмоқда. Мен экология соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига катта ишонч билан қарайман. Жумладан, Орол денгизи каби экологик жиҳатдан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, ирригация ва мелиорация тизимларини ривожлантириш муҳим йўналишлар ҳисобланади.
Польша инфратузилма қурилиши борасида катта тажрибага эга. Сўнгги йилларда мамлакатимизда автомобиль йўллари ва автомагистраллар қурилиши жадал олиб борилмоқда. Бу борада Польша корхоналари Ўзбекистондаги турли инфратузилмавий лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этиши мумкин.
Польша фармацевтика соҳасини ҳам фаол тарзда ривожлантирмоқда. Бу ҳам ўзаро ҳамкорлик учун муҳим йўналиш саналади. Польша аҳолисининг қарийб 40 миллион эканини инобатга олиб, туризм йўналишида ҳам алоқаларни ривожлантириш истиқболли ҳисобланади.
Афсуски, Ўзбекистон кўплаб поляклар учун ҳали ҳам етарлича таниш эмас. Ҳозир Варшавадан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри авиақатнов мавжуд ва парвоз ҳам унчалик кўп вақт олмайди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани зиёрат қилиш ҳар қандай сайёҳда катта таассурот қолдиради.
Шунингдек, Польшада амалга оширилаётган ислоҳот ва бошқарув ечимлари Ўзбекистон томони учун ҳам қизиқарли бўлмоқда. Хусусан, Польшада давлат бошқарувига қизиқиш билдирган делегацияларни қабул қилдик. Бу борада ўз тажрибамиз билан ўртоқлашишга доим тайёрмиз.
Польша ва Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш даврини муваффақият билан амалга оширган. Биз ғоялар, лойиҳалар ва ёндашувлар нуқтаи назаридан бир-биримизга кўп нарса таклиф қила оламиз. Шу боис, ҳукуматлараро алоқалар, олий даражадаги мулоқотларни изчил ривожлантиришни қатъий қўллаб-қувватлайман.
– Янги Ўзбекистон ислоҳотлари бошланганининг 10 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз раҳбарияти ва халқига тилакларингиз.
– Ўзбекистон тўғри йўлдан бормоқда. Сўнгги 10 йил муваффақиятли кечди ва бу давр ичида ёрқин келажак учун мустаҳкам замин яратилди. Энди ушбу йўлни давом эттириш ва халқаро майдондаги ҳозирги мураккаб вазиятда қатъият кўрсатиш керак.
Польшада 1990 йилларнинг ўрталарида катта ислоҳотларни бошлаганимизда халқаро муҳит нисбатан барқарор ва қулай эди. Бугун эса халқаро майдондаги вазият бутунлай ўзгача. Шу боисдан, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига куч ва ғайрат, тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Ўзбекистон бугунги сиёсатида давом этса, у Марказий Осиё, умуман, жаҳон миқёсида қудратли мамлакатлардан бирига айланади.
Ана шу йўлда изчил ҳаракат қилишингизда тилаклдошман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси