Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Россия ҳудудлари билан ҳамкорликни кучайтирмоқда
Май 23, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 101ТОШКЕНТ, 23 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вакилларидан иборат делегация хизмат сафари билан Россиянинг Екатеринбург, Тюмень ва Тобольск шаҳарларида бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхона кўмагида Свердловск ва Тюмень вилоятлари раҳбарияти, соҳавий минтақавий идоралар, инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллар институтлари, йирик иш берувчилар ҳамда ватандошлар билан музокаралар ташкил этилди.
Ташриф якунлари бўйича миграция масалалари, ахборот алмашинуви ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, шунингдек Екатеринбургдаги Бош консулхона ҳузурида “ишонч телефони”ни ишга туширишга келишиб олинди. Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг яшаш шароитлари ва меҳнат ҳуқуқлари, болаларнинг таълим муҳитига мослашуви ҳамда профилактик ишлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иш берувчилар ва ватандошлар билан учрашувлар ўтказилиб, улар орқали қарийб 3 минг нафар фуқаро қамраб олинди. Бош консулхона кўмагида тахминан 80 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақи бўйича қарздорлик ундирилди, шунингдек иш берувчилар томонидан ноқонуний ушлаб турилган Ўзбекистон фуқароларига тегишли 10 та паспорт қайтарилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси











