Варшавадаги Шленск-Домбров кўприги Ўзбекистон давлат байроғи рангларига бурданди
Ноябрь 18, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 115ВАРШАВА, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Варшава шаҳрида Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Шленск-Домбров кўприги миллий байроғимиз ранглари билан ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Байрам тадбири 16 ноябрь куни бўлиб ўтди. Кўприк қаршисидаги асосий кузатув майдончасига Польша олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ватандошларимиз йиғилдилар. Қўлларида миллий байроқлар билан байрамни кўтаринки руҳда нишонладилар. Кўприкнинг ёритилиши маҳаллий аҳоли ва хорижий меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотди, улар талабаларга қўшилиб, кўприк фонида эсдалик суратларга тушдилар.
Иштирокчилар ушбу ташаббус Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги дўстона муносабатларнинг, шунингдек, Польша томонининг мамлакатимиз давлат рамзларига бўлган ҳурматининг яққол ифодаси эканини таъкидладилар. Польшада яшаётган ва ўқиётган ватандошларимизда катта таассурот қолдирган мазкур акция ватан билан фахрланиш туйғуларини янада мустаҳкамлади. Варшаванинг тарихий марказида, Эски шаҳар қаршисида ўтказилган тадбир Ўзбекистон миллий рамзларини хорижда тарғиб қилишда муҳим қадам бўлди.
Варшава университети талабаси Орифжон Отабоев:
– Бугун Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси Эски шаҳар яқинидаги кўприкни байроғимиз ранглари билан ёритди. Биз ватандошлар билан бирга йиғилдик ва буни кўриш биз учун катта шарафдир.
Вистула университети талабаси Дониёрбек Юсупов:
– Мен Вистула университетида халқаро муносабатлар йўналишида ўқийман. Бугун байроғимиз куни муносабати билан Ўзбекистон элчихонаси ташкил этган байрамга йиғилдик. Варшаванинг марказий кўпригида Ўзбекистон байроғи ранглари пайдо бўлди. Узоқда бўлсак ҳам, ватандошлар бир жойга тўпландик. Бу бизда фахр туйғусини уйғотмоқда, ҳамма нарса бизга ватанни эслатади.
Польша фуқароси Милена:
– Мен Висла қирғоғи бўйлаб кетаётиб, Ўзбекистон рангларига бурканган кўприкни кўрдим. Бу мамлакатнинг ранглари қандайлигини биламан, чунки у билан танишман. Ўзбек миллий таомларини татиб кўрганман ва бу мамлакат ҳақида кўпроқ билишни истайман.
Польша фуқаролари Ян ва Барбара Новак:
– Биз Варшавадан Ўзбекистонга учган биринчи гуруҳда эдик. Тошкентга, у ердан эса тезюрар поездда Самарқанд, сўнг Бухоро, Хива ва Орол денгизига – қачонлардир денгиз бўлган жойга бордик. Мамлакат бизда жуда ижобий таассурот қолдирди. Варшавага қайтгач, худди сизнинг мамлакатингиз элчилари каби бу ерда Ўзбекистонда қанчалик яхши ва қизиқарли эканини гапириб бера бошладик. Барча инсонларингиз самимий, меҳмондўст доимо кулиб туришади. Ажойиб жамият. Кўприкка келсак, биз шу ерда, Висла бўйида, Повисле туманида яшаймиз. Ўзбекистон байроғи рангларидаги кўприкни кўриш бизга жуда ёқди.
Вистула университети талабаси Жаҳноза Қалназарова:
– Бугун Ўзбекистон байроғи куни муносабати билан элчихона Варшаванинг энг йирик кўприкларидан бирини байроқ ранглари билан ёритди. Бу алоҳида кайфият бағишлайди, ўзбекистонлик биродарлар билан учрашиш эса уй соғинчини енгишга ёрдам беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


