Японияда Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди
Февраль 09, 2025. 11:50 • 3 дақ
• 1021
ТОКИО, 9 февраль. /"Дунё" АА/. Токионинг Сока университети ҳудудида жойлашган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тантанали маросимда Сока Гаккай ташкилоти, Сока университети раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Шарқ фалсафаси илмий тадқиқот институти ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ватандош талабалар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоий ижоди фақат ўзбек адабиётини эмас, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўринга эга эканлиги, Японияда ҳам Навоий меросига бағишланган илмий анжуманлар ва тадқиқотлар мунтазам ўтказилаётганлиги қайд этилди.
Сока университет ҳудудида Алишер Навоий ёдгорлигининг ўрнатилиши ўзбек ва япон халқлари ўртасида тарихан Буюк ипак йўли билан боғланган дўстлик ришталари тимсолига айлангани таъкидланди.
Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Сока университети вакилларига кўп йиллардан буён Алишер Навоий сиймосига кўрсатилаётган юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, Навоийнинг бебаҳо ўгитлари ва ғоялари ёш авлодларда ватанпарварлик, юксак маънавият, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни шакллантиришда муҳим ўрин тутиши урғуланди. Юртимизда унинг ижодий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, улуғ шоир асарларини хорижий тилларга таржима қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги айтиб ўтилди.
Сока университети ректори Сузуки Масаши ўз навбатида Сока гаккай ташкилоти асосчиси, Навоий шаҳри фахрий фуқароси Дайсаку Икеданинг Алишер Навоий ҳақидаги қуйидаги сўзларини ёдга олди: "Сока университетидаги Алишер Навоий ҳайкали – бу инсонпарварлик ва халқларимизни маънавий уйғунликка, маданият ва таълимни ривожлантиришга ўзаро интилишларининг рамзи бўлиб хизмат қилади".
Шунингдек, у ҳайкалнинг тоштахтасида ёзилган Алишер Навоийнинг "Олам аҳли, билингизким, иш эмас душмандлиғ, ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш" деган ўгитлари жуда чуқур маъно касб этишини, жумладан инсониятни дўстликка, осойишталикка, тинчлик ва тотувликка ҳамда ўзаро фаровонликда яшашга чақиришини урғулади.
Тадбирдан сўнг университет ректори Сузуки Масаши алоҳида учрашув ўтказилди. Унда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Ректор Масаши Сузуки ўзи раҳбарлик қилаётган олий таълим муассасаси юртимизнинг бир нечта университетлари билан яқин ҳамкорлик қилишини маълум қилди. "2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларини ўқишга қабул қилаяпмиз. Ҳозирги кунда таълим алманишуви ва махсус дастурлар орқали 10 дан зиёд ўзбекистонлик талабалар университетда таҳсил олмоқда. Шунингдек, 4 нафар Сока университети талабалари Ўзбекистонда ўқишни давом эттиряпти", деди у.
Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан академик алмашинув дастурларини кўпайтириш, ўзбек талабалари учун грант ва стипендиялар ажратиш, Сока университетида ўзбек тили ва адабиёти махсус курсларини ташкил қилиш, юртимиздаги япон тили ўқитувчилари малакасини ошириш ва бошқа ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида жорий йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган Ўзбекистон-Япония ректорлари форуми доирасида Сока университети раҳбариятининг юртимизга ташрифини амалга ошириш ва академик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор учрашув ва тадбирларни ташкил қилишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Таиландда давлат рамзларининг аҳамиятига бағишланган тадбир ташкил этилди
Умра зиёратчилари иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Италияда янгиланган Ўзбекистон Конституцияси эътироф этилди
Давлат рамзлари – мустақиллик тимсоли, фаровон ҳаёт гарови!
Жанубий Кореяда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун нишонланди