Ўзбекистон спортчилари Доҳа шаҳрида боулинг бўйича 28-Осиё чемпионатида иштирок этмоқда
Ноябрь 15, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 3ДОҲА, 15 ноябрь. /“Дунё” АА/. Қатар пойтахтида бошланган боулинг бўйича 28-Осиё чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
23 ноябрга қадар давом этадиган ушбу мусобақада Осиёнинг 18 та мамлакатидан 168 нафар эркак ва аёл спортчи ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Халқаро боулинг федерацияси (IBF) президенти шайх Талал Муҳаммад ал-Сабоҳ, спорт соҳаси вакиллари, иштирокчи мамлакатлар делегациялари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда халқаро спорт ташкилотлари мутасаддилари қатнашди.
Чемпионат доирасида яккалик, жуфтлик, уч кишилик ва беш кишилик жамоавий баҳслар, шунингдек, “Masters” йўналишида мусобақалар ўтказилади.
Мазкур чемпионат натижалари 2027 йилда Кореяда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига саралаш жараёнида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, эркаклар ва аёллар ўртасидаги умумий натижалар бўйича энг яхши беш нафар спортчининг кўрсаткичлари саралаш мезони сифатида ҳисобга олинади.
Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси вакиллари чемпионатнинг очилиш маросимида иштирок этиб, терма жамоамиз аъзоларини қўллаб-қувватлади.
Мазкур мусобақа ўзбекистонлик спортчилар учун халқаро тажриба орттириш, маҳоратларини намоён этиш ва келгуси жаҳон чемпионатига йўлланма олиш йўлида муҳим имконият ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

