Покистондан муносабат: Урду тилидаги қарийб 5 000 та сўз ўзбек тилидан ўзлашган

Октябрь 15, 2026. 14:00 • 3 дақ

• 187
Покистондан муносабат: Урду тилидаги қарийб 5 000 та сўз ўзбек тилидан ўзлашган

ИСЛОМОБОД, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистонлик журналист ва эксперт, XVI “Олтин қалам” миллий мукофоти танлови совриндори Халид Таймур Акрам “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга табрик йўллади:

– Ўзбек халқини 21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун билан самимий табриклайман. Бу сана ўзбек халқининг бой тарихи, буюк цивилизацияси, юксак адабий салоҳияти ва маданий ўзлигига бўлган юксак эҳтиром ифодасидир.

Ўзбек тили Ўзбекистон миллий ўзлигининг гўзал ифодаси ва шонли ўтмишининг фахрли аксидир. Ўзбекистон замини жаҳонга буюк алломалар, шоирлар, файласуфлар ва мутафаккирларни етиштириб берган.

Алишер Навоийнинг адабий мероси ўзбек тилининг мавқеини юксалтирган бўлса, Мирзо Улуғбекнинг илм-фан ва астрономия соҳаларидаги хизматлари бугун ҳам бутун инсониятни илҳомлантириб келмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлар Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасининг улуғвор рамзлари ҳисобланади.

Покистон ва Ўзбекистон – биродар халқлар яшайдиган мамлакатлардир. Икки давлатни тарихий, маданий, лисоний ва маънавий ришталар боғлаб туради. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар замонавий дипломатик алоқалар билангина чекланиб қолмайди. Ушбу муносабатлар Марказий ва Жанубий Осиё ҳудудларида асрлар давомида ривожланган савдо-сотиқ, илм-фан, адабиёт, тасаввуф ва халқлар ўртасидаги алоқаларга бориб тақалади.

Муштарак мероснинг қизиқарли жиҳатларидан бири – ўзбек ва урду тиллари ўртасидаги боғлиқликдир. Миллий тилимиз бўлган урду тили асрлар давомида форс, араб, туркий тиллар ҳамда Ҳиндистон яримороли халқларининг тиллари ва маданий анъаналари билан ўзаро таъсир натижасида шаклланган.

Ўзбек ва урду тилларидаги кўплаб муштарак сўзлар, иборалар ва маданий тушунчалар асрлар давомидаги ушбу алоқаларни акс эттиради. Урду тилидаги қарийб 5 000 та сўз ўзбек тилидан ўзлашган.

Халқларимиз ўртасидаги бундай муштаракликни тилларимизнинг кундалик луғат бойлигида ҳам эшитиш, адабий анъаналаримиз, шеъриятимиз, мусиқамиз, меҳмондўстлигимиз ва урф-одатларимизда ҳам ҳис этиш мумкин. Биз ишлатадиган сўзлар, ўқийдиган шеърлар ва қадрлайдиган анъаналар икки халқимиз неча асрлардан буён ўзаро боғлиқ эканини доимо эслатиб туради.

Ушбу қутлуғ сана муносабати билан тил шунчаки мулоқот воситаси эмаслигини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. Тил – миллатнинг руҳи, унинг жамоавий хотира хазинаси ва авлодларни бир-бирига боғловчи кўприкдир.

Ўзбек тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш ўзбек халқининг тарихи, донишмандлиги ва миллий ўзлигини сақлаш демакдир. Урду ва ўзбек тилларини ўзаро чуқурроқ англаш ҳамда ўрганишни рағбатлантириш ёш авлодларимизни янада яқинлаштириб, уларга муштарак бўлган бебаҳо меросни қадрлашга ёрдам беради.

Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон халқига бўлган юксак ҳурматим, эҳтиромим ва биродарлик туйғуларимни изҳор этаман. Гўзал ўзбек тилимиз ҳамиша равнақ топсин, Ўзбекистоннинг буюк маданий мероси бутун дунёни илҳомлантиришда давом этсин ва ўзаро дўстлигимиз йилдан-йилга янада мустаҳкамлансин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш