Францияда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилди
Октябрь 11, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 101ПАРИЖ, 11 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Буюк темурийлар мероси: Марказий Осиё санъати, фани ва маданияти” мавзусида халқаро давра суҳбати ва кўргазма бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон ва Франция давлат органлари, илмий-маданий муассасалар вакиллари, машҳур тарихчилар, шарқшунослар, санъатшунослар, халқаро экспертлар ҳамда Францияда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди.
Давра суҳбати чоғида Амир Темур ва темурийлар даврининг бой тарихий-маданий мероси, уларнинг фан, таълим, санъат ва архитектура тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси, шунингдек, Шарқ ва ғарб ўртасидаги илмий-маданий алоқаларнинг аҳамияти муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди ва темурийлар даврининг илмий ҳамда маданий ютуқларини акс эттирувчи кўргазма намойиш этилди.
Мазкур халқаро тадбир Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини Францияда кенг тарғиб қилиш, Амир Темур ва темурийлар меросининг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини очиб бериш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



