Ўзбекистонда ламинацияланган плиталар ишлаб чиқариш ва корпоратив хизматлар марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда
Октябрь 15, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 96
ТОШКЕНТ, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида “Ultradecor Global” халқаро компаниялар гуруҳи вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда инвестициявий ҳамкорлик, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Агентлик маълумотларига кўра, “Ultradecor Global” дунёнинг 23 мамлакатида фаолият юритади ва 5,5 минг кишини иш билан таъминлайди. Гуруҳ таркибига ёғоч плиталар ишлаб чиқарувчи еттита корхона, 17 та дистрибьюторлик маркази ҳамда резина ва қоғоз ишлаб чиқаришга ихтисослашган учта корхона киради.
Компания Ўзбекистонда фаолият юритаётган олтита дистрибьюторлик маркази фаолиятини кенгайтириш ниятида. Тошкент вилоятида йилига 50 минг куб метр ламинацияланган плиталар ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил этиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий мебель ишлаб чиқарувчиларни зарур материаллар билан таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда соҳада кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш имконини беради.
Компания Ўзбекистонда ахборот технологиялари ва корпоратив хизматлар марказини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Марказ фаолияти йўлга қўйилиши натижасида юзга яқин янги иш ўрни яратилиши, кўрсатиладиган хизматларнинг қарийб 90 фоизи гуруҳнинг хориждаги корхоналарига экспорт қилиниши кутилмоқда.
Музокаралар давомида агентлик раҳбарияти компания вакилларига давлат харидларида иштирок этиш учун қонунчиликда назарда тутилган имкониятлардан фойдаланишни таклиф қилди. Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун “Ўзбекэкспертиза” АЖ орқали белгиланган тартибда маҳаллий товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни расмийлаштириш имконияти мавжудлиги таъкидланди.
Агентлик “Ultradecor Global” компаниясининг мамлакатимиздаги фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги кооперация алоқаларини ўрнатишда ўз ваколатлари доирасида амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.
Компаниянинг Ўзбекистонда ташкил этилаётган саноат бонд зоналарида иштирок этиши ва уларнинг ҳудудида янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар “Ultradecor” компаниялар гуруҳига алоқадор “Casa Foundation” жамғармасининг Ўзбекистондаги фаолиятини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди ва бу борада тегишли тушунтиришлар берилди.
Учрашув якунида томонлар маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси