Ўзбекистонда 18 та Иордания компанияси самарали фаолият юритмоқда
Февраль 17, 2026. 18:53 • 2 дақ
• 98
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов Иордания оммавий ахборот воситаларига интервью берди
АММОН, 17 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 33 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг Иорданиядаги элчиси Нодиржон Турганов хорижлик журналистларга интервью берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур интервью Иорданиянинг қатор оммавий ахборот воситаларида, хусусан, “Petra”, “Ammon News”, “Al-Vakai Al-Ixbariya”, “Ar-Ray” нашрларида чоп этилди.
Суҳбат чоғида элчи икки томонлама стратегик ҳамкорлик муносабатлар юқори босқичга кўтарилгани ҳақида гапирган. У 2025 йил шерикликни ривожлантириш учун ғоят самарали йил бўлганини алоҳида таъкидлаган.
Ўнлаб расмий ташрифлар сиёсий мулоқотни сезиларли даражада мустаҳкамлаб ва қўшма лойиҳалар учун янги истиқболлар очган. Улар орасида Иордания Қироли Абдулла IIнинг 2025 йил август ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи алоҳида ажралиб туради. Бу икки мамлакат муносабатлари тарихида муҳим босқич бўлди ва олий даражадаги алоқаларни янада чуқурлаштиришга замин яратди.
Элчининг сўзларига кўра, ташриф якунлари бўйича сиёсий мувофиқлаштириш, инвестициялар, савдо, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, умумий ислом анъаналари ва қадриятлари асосида гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор яратган қатор битим ва қўшма баёнотлар имзоланди.
Ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган амалий ҳаракатлар режаси ўзаро ташрифлар ва музокаралар орқали амалга оширилмоқда. Бу эса инвестиция, савдо ва маданият соҳаларида, халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш имконини берди.
Иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Товар айирбошлаш ўтган йилга нисбатан икки баробар ошди. Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш тармоғи муваффақиятли ишга туширилди. Бунинг натижасида Иордания бозорига кўп миқдорда ўзбек қандолат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ўзбекистонда 18 та Иордания компанияси фаолият юритмоқда, яқин келажакда хусусий секторни фаоллаштириш учун Ўзбекистон–Иордания ишбилармонлар кенгашини ишга тушириш режалаштирилган.
Умумий ислом мероси ва икки халқнинг бой тарихига асосланган маданият, таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик устувор бўлиб қолмоқда. Иорданиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими 200 фоиздан ошди, Тошкент ва Аммон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Иордания университетларида ўнлаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Жаҳон ислом фан ва таълим университети ўртасидаги шериклик фаол ривожланмоқда. Элчи яқин келажакда эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш ва ҳамкорликни янада кенгайтириш орқали ўзаро ҳурмат ва умумий қадриятларга асосланган шериклик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
